Ўзбекистон мактабларида маданият ва санъат йўналишида тўгараклар ташкил этилади

Ўзбекистон мактабларида маданият ва санъат йўналишидаги тўгараклар ташкил этилади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2026-йил 27-августдаги буйруғида белгиланган.
Янги ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларида мусиқа ва санъат йўналишлари бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади. Унга кўра, мактабларда “Дутор”, “Миллий рақс”, “Ёш доирачилар” ва “Тасвирий санъат” йўналишларида тўгараклар ташкил этилади. Мазкур тартиб “Умумий ўрта таълим мактабларида мусиқа ва санъат йўналишидаги тўгаракларни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисида”ги низом билан белгиланган.
Тўгаракларда ўқувчилар ҳафтасига 2 соатдан, жами 72 соат давомида чуқурлаштирилган ҳолда таълим олади. Шунингдек, тўгарак аъзолари ўртасида турли танловлар ўтказилиб, иқтидорли ўқувчилар саралаб олинади. Мазкур тўгаракларни ташкил этишдан мақсад ёшлар ўртасида миллий санъатни кенг тарғиб қилиш ва уни келажак авлодга етказишдан иборат.
7-апрел куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда юқори натижаларга эришган спорт мактабларини қўшимча равишда 500 миллион сўмдан мукофотлаш тизими жорий этилиши белгиланганди. Бу орқали спорт муассасаларини натижага йўналтириш ва рақобатни кучайтириш мақсад қилинган. Ҳокимларга ҳар бир мактабда спорт тўгараклари учун зарур шароит яратиш ва уларга қамровни кенгайтириш вазифаси юклатилган. Спорт мактаблари эса маҳаллаларда иқтидорли ёшларни излаш ўрнига тайёр спортчилар билан ишлаётгани танқид қилинган.

