Болалар мусиқа ва санъат мактабларидаги таълим сифати бўйича маданият вазирига парламент сўрови юборди

Маданият вазирига болалар мусиқа ва санъат мактабларидаги таълим сифати бўйича парламент сўрови юборилди.
Қонунчилик палатасининг 11-август куни бўлиб ўтган мажлисида болалар мусиқа, санъат ва ихтисослаштирилган мактабларидаги таълим сифати ҳамда уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш масаласи муҳокама қилинди. Ушбу масалада депутатлар Маданият вазири Озодбек Назарбековга парламент сўрови юборишди.
Таъкидланишича, мамлакатда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, болалар мусиқа ва санъат таълими тизимини такомиллаштириш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларни малакали педагоглар билан таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, республика бўйлаб 326 та болалар мусиқа ва санъат мактаби қурилган. Кўплаб ўқув бинолари реконструксия қилиниб, мусиқа чолғулари ва ўқув жиҳозлари билан таъминланган.
Бироқ, депутатларнинг ҳудудларда ўтказган ўрганишлари ва таълим муассасаларидан олинган маълумотлар шуни кўрсатдики, соҳада тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан, Термиз, Фарғона, Урганч, Самарқанд ва Навоий шаҳарларидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари, Андижон шаҳридаги Шерали Жўраев номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби, Тошкент шаҳридаги Р. Глиер номидаги республика ихтисослаштирилган санъат мактаби ва бошқа бир қатор муассасалар бинолари капитал таъмирга муҳтожлиги аниқланган.
Шунингдек, 2020-йил 4-февралдаги президент қарорида 2021/2022-ўқув йилидан Бухоро, Қарши, Наманган ва Урганч шаҳарларида Ўзбекистон давлат хореография академияси ҳузурида ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатларини ташкил этиш белгиланган бўлса-да, бу вазифа тўлиқ бажарилмаган. Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактаби билан боғлиқ лойиҳа ҳам амалга оширилмаган. Мактаб учун Бухоро шаҳридаги Бунёдкор МФЙ ҳудудидан 1 гектар ер майдони ажратилиб, 43 млрд сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган, аммо маблағ ажратилмагани сабабли қурилиш ишлари бошланмаган.
Айрим мусиқа ва санъат таълими муассасаларида ўқувчилар сони биноларнинг лойиҳа қувватидан юқори экани ҳам аниқланган, бу эса ўқувчилар учун зарур таълим муҳитини яратишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, айрим мактабларда машғулот хоналарининг акустик ҳолати талаб даражасида эмас. Махсус синф хоналари ва консерт заллари етишмаслиги ҳам муаммолардан бири сифатида қайд этилган.
Кадрлар масаласида ҳам камчиликлар мавжуд. Айрим муассасаларда консертмейстерлар ва тор ихтисосликлар бўйича педагоглар етишмаяпти. Мажлисда санъат таълими муассасаларини зарур жиҳозлар ва ўқув-услубий воситалар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш, таълим сифати ва кадрлар салоҳиятини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Шунингдек, педагогларнинг малакасини ошириш ва аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш ҳамда мактаб-интернатларни тарбиячилар билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан маданият вазиридан асослантирилган тушунтириш бериш сўралди.
Қонунчилик палатасининг 28-апрел кунги мажлисида ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовга автомобил фото ва видео қайд этиш техника воситаларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги самарадорлиги юзасидан парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилганди. Фото-видео қайд этиш тизимида маълумотларни қайта ишлаш жараёнида техник хатолар туфайли жарималар нотўғри ҳисобланаётгани, айрим ҳайдовчиларга асоссиз равишда маъмурий жазо чоралари қўлланаётгани таъкидланган. Депутатлар йўлларнинг айрим қисмларида асфалт сифати талабга жавоб бермаслиги, йўл чизиқлари кўринмаслиги ёки нотўғри чизилгани ҳам қоидабузарликларга сабаб бўлаётганини билдирган.

