Иқтисодиёт

Ўзбекистон маҳсулотлари Покистоннинг йирик савдо тармоғида сотилиши мумкин

Лаҳор, Исломобод ва келгусида Покистоннинг бошқа шаҳарларидаги йирик савдо нуқталарида «Маде ин Узбекистан» махсус савдо

Ўзбекистон маҳсулотлари Покистоннинг йирик савдо тармоғида сотилиши мумкин

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг йирик чакана савдо тармоқларидан бири бўлган «Ал-Фатаҳ» компанияси бош директори Муҳаммад Анис билан учрашув ўтказди.

Суҳбат давомида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган қандолат маҳсулотлари, қуритилган мевалар, ёнғоқлар, янги мева-сабзавотлар, дуккакли экинлар, консерва, мураббо, томат пастаси, асал, ўсимлик ёғи ва қайта ишланган гўшт маҳсулотларини Покистон бозорига етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди.

«Ал-Фатаҳ» раҳбарияти Ўзбекистонда етиштириладиган ва ишлаб чиқариладиган қуритилган мевалар, ёнғоқлар, қишлоқ хўжалиги ва қандолат маҳсулотларига қизиқиш билдирди. Шунингдек, миллий услубда тайёрланадиган керамика буюмлари ҳам Покистон бозорида талабгир бўлиши мумкинлиги қайд этилди.

Томонлар Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган, экспорт салоҳиятига эга тайёр маҳсулотларни савдо тармоғига бевосита етказиб бериш имкониятларини ўрганишга келишиб олди. Бундан ташқари, Ўзбекистон корхоналарида қуритилган мевалар, ёнғоқлар, дуккакли маҳсулотлар ва бошқа озиқ-овқат товарларини «Ал-Фатаҳ» бренди остида қадоқлаш лойиҳасини амалга ошириш имконияти ҳам кўриб чиқилди.

Компания бош директори Муҳаммад Аниснинг айтишича, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири Лаҳор, Исломобод ва келгусида Покистоннинг бошқа шаҳарларидаги йирик савдо нуқталарида «Маде ин Узбекистан» махсус савдо бўлимларини ташкил этишдан иборат.

Дастлаб бир нечта маҳсулот турини қамраб олган пилот лойиҳани йўлга қўйиш, савдо натижалари ва истеъмолчилар талабини таҳлил қилиш асосида маҳсулотлар тури ҳамда савдо нуқталари сонини босқичма-босқич кенгайтириш таклиф қилинди.

Учрашувда Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ҳалол колбаса ва бошқа қайта ишланган гўшт маҳсулотларини Покистонга экспорт қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Импорт, санитария ва ҳалол сертификатлаш талабларига риоя қилинган ҳолда, ушбу маҳсулотларни «Ал-Фатаҳ» тармоғида синов тариқасида сотиш имкониятларини ўрганиш таклифи қўллаб-қувватланди.

Маълумот учун, 1941 йилда ташкил этилган «Ал-Фатаҳ» Покистоннинг йирик чакана савдо тармоқларидан бири ҳисобланади. Компания озиқ-овқат маҳсулотларидан ташқари маиший техника, косметика, ўйинчоқлар, саёҳат буюмлари ва бошқа истеъмол товарларини ҳам сотади.

Ҳозирда компаниянинг Покистоннинг йирик шаҳарларида 35 та савдо нуқтаси ва франчайзинг асосида фаолият юритувчи 11 та дўкони мавжуд.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.