Ўзбекистон ва Покистон ўзаро савдо ҳажмини 2 млрд долларга етказиш масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Покистон ўзаро савдо ҳажмини 2 млрд долларга етказиш масаласини муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Покистон ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича белгиланган вазифани амалга ошириш механизмларини кўриб чиқди.
Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев Покистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Билол Ҳае билан учрашди. Музокараларда сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Билол Ҳаенинг таъкидлашича, икки давлат муносабатларида барқарор сиёсий мулоқот ва ишончли алоқалар шаклланган. Унинг сўзларига кўра, савдо-иқтисодий, транспорт, туризм ва ҳудудлараро ҳамкорлик йўналишларида ижобий динамика кузатилмоқда.
“Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилган натижалардан яхши хабардорман. Тошкент минтақада Исломободнинг асосий ҳамкорларидан бири ҳисобланади”, деди Покистон ташқи ишлар вазири ўринбосари.
У Исломободда Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган “Бобур боғи”ни икки халқнинг умумий тарихи ва дўстлиги рамзи сифатида баҳолади.
Томонлар савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш учун транспорт-логистика чекловларини бартараф этиш ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш зарурлигини қайд этди.
Учрашувда ҳудудлараро ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Покистон томони Тошкент ва Навоий вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон раҳбарларининг жорий йилдаги ташрифларини ижобий баҳолади.
Шунингдек, фуқароларнинг ўзаро қатновини кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ҳозирда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги тўғридан тўғри авиақатновлар сони саккизтага етгани, рейсларни янада кўпайтириш сайёҳлар ва тадбиркорларнинг сафарларини енгиллаштириши таъкидланди.
Якунда томонлар дипломатик мулоқотни давом эттириш ва мавжуд ҳамкорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган амалий чора-тадбирларни муҳокама қилишга келишиб олди.
Бунга Афғонистон орқали ўтадиган савдо йўлакларининг ёпилгани ҳамда Эрон ва АҚШ ўртасидаги жанговар ҳаракатларнинг қайта авж олгани сабаб бўлган.

