Иқтисодиёт

Покистон компанияси Ўзбекистонда пўлат ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда

Покистон компанияси Ўзбекистонда пўлат ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда

Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев Пак Стеел компанияси директори Ҳасан Фарид билан учрашув ўтказди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистонда пўлат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

Ҳасан Фариднинг таъкидлашича, Покистонда электр энергияси нархининг юқорилиги пўлат маҳсулотлари таннархига ҳамда уларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу боис Ўзбекистондаги нисбатан мақбул энергия ресурслари, саноат зоналарида яратилган инфратузилма ҳамда инвесторларга тақдим этилаётган имтиёз ва преференсиялар пўлат ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этишда муҳим омиллар сифатида қайд этилди.

Томонлар Пак Стеел иштирокида Ўзбекистонда, хусусан, арматура маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма инвестиция лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди.

Музокаралар якунида лойиҳаларни Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан муҳокама қилиш, ҳамкорликнинг кейинги босқичи бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш ҳамда компания раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.

Маълумот учун, 1949-йилда ташкил этилган Пак Стеел Покистоннинг пўлат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компанияларидан бири ҳисобланади. Компания арматура, деформацияланган ва оддий пўлат стерженлар, швеллер ҳамда бошқа металл прокат маҳсулотларини ишлаб чиқаради.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Покистон ўзаро савдо ҳажмини 2 млрд долларга етказиш масаласини муҳокама қилгани ҳақида хабар берилганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.