Ўзбекистон гўшт импортини оширди. Бозорларда нарх-наво қандай?

Ўзбекистон гўшт импортини кўпайтирди. Бозорларда нархлар қандай?
Ижтимоий тармоқларда хориждан гўшт олиб кириш тўхтагани ва бозорларда гўшт нархлари ошиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Божхона қўмитаси эса импорт борасида ҳеч қандай узилиш йўқлигини маълум қилди.
Бозор расталарида мол ва қўй гўшти билан бир қаторда хориждан келтирилган гўшт маҳсулотлари ҳам сотилмоқда. Мол гўшти 110–170 минг сўм, қўй гўшти эса 130–170 минг сўм атрофида баҳоланмоқда.
“Чорсу” бозорида Қозоғистон ва Покистондан олиб келинган гўшт маҳсулотларини ҳам учратиш мумкин. Улар 65–90 минг сўм атрофида сотилмоқда. Сотувчиларнинг айтишича, импорт қилинган гўштга харидорлар кўп.
Сотувчилардан бирининг сўзларига кўра, четдан олиб кирилаётган гўшт етказиб берилишида баъзан узилишлар кузатилади. Бироқ маҳсулот келиши бутунлай тўхтаган эмас.
Божхона қўмитасининг “Дарё”га билдиришича, гўшт маҳсулотларини божхона назоратидан ўтказиш ва расмийлаштириш жараёнида ҳеч қандай узилиш ёки муаммо йўқ. Ўзбекистонга 2025-йилда 870 миллион долларлик гўшт маҳсулотлари импорт қилинган.
2026-йилнинг январ–август ойларида эса импорт ҳажми 678 миллион долларни ташкил этган. Жорий йилда мамлакатга 29 та давлатдан гўшт олиб кирилмоқда. Импорт қилинган маҳсулотларнинг 519 миллион доллари қорамол гўштига, 54,6 миллион доллари товуқ гўштига ва 47,8 миллион доллари қўй гўштига тўғри келган.
Шунингдек, 2026-йилнинг январ–август ойларида гўшт импорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 173 миллион долларга ошган. Бу мамлакатга гўшт импорти ҳажми сезиларли даражада кўпайганини кўрсатади.

