Хитойдан 3 минг бош наслли қорамол олиб келинди — Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси

Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитасининг “Дарё”га берган маълумотига кўра, жорий йил бошидан буён Хитойдан Ўзбекистонга 3 минг бош Голштейн зотли, наслли қорамол олиб келинган.
Қўмита хабарига кўра, Ўзбекистондаги 80 та корхона Хитойдан зотли қорамол импорт қилиш бўйича шартномалар имзолаган. Барча вилоятларга Хитойдан Голштейн (Чинесе Ҳолстеин) зотли, наслли сут қорамолларини олиб келиш бўйича шартномалар тузилган. Йил бошидан ҳозирга қадар 3 минг бош қорамол импорт қилинган бўлиб, бу наслли молларни республикада боқиш ва кўпайтириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Таъкидланишича, зотли қорамолларни Хитойнинг соғлом ва хавфсиз деб топилган иккита ҳудудидан олиб келишга рухсат берилган. Хитойнинг Миллий уй ҳайвонлари генетик ресурслари базасида Чинесе Ҳолстеин алоҳида сут соғиб олиш йўналишидаги қорамол зоти сифатида қайд этилган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда наслдор чорва импорт қилувчилар 2029-йилгача қўшилган қиймат солиғидан озод этилиши белгиланган. Хориждан импорт қилинган наслдор қорамол, қўй ва эчкилар учун субсидия ажратиш тартибининг амал қилиш муддати 2030-йил 31-декабргача узайтирилган. Шунингдек, 2026-йил 1-июлдан 2030-йилгача аҳоли хонадонларида идентификация қилинган сигирлардан олинган ҳар бир наслдор бузоқ учун субсидия ажратилади.

