Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган рейдларда жами 70 кг гиёҳвандлик ўсимликлари йўқ қилинди

Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган рейдлар чоғида жами 70 кг гиёҳвандлик ўсимликлари йўқ қилинди
“Қорадори-2026” кенг қамровли тезкор профилактик тадбирининг иккинчи босқичи доирасида республиканинг барча вилоятларида вертолётлар ёрдамида назоратли учишлар амалга оширилди. Тадбирлар давомида хонадонларда етиштирилган жами 70 кг гиёҳвандлик ўсимликлари белгиланган тартибда йўқ қилинди.
Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида 1967-йилда туғилган фуқаронинг хонадонидан 24 кг марихуана сақланаётгани аниқланди. Модда процессуал тартибда олиб қўйилган ва ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси олтинчи қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Шу туманда яна бир ҳолатда фермер хўжалиги иш бошқарувчиси 200 квадрат метр ер майдонига 520 туп каннабис экиб, парваришлагани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 270-моддаси иккинчи қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Андижон вилоятининг Избоскан туманида эса 1977-йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадонидан 6 кг 100 грамм марихуана аниқланган. Унга нисбатан ҳам Жиноят кодексининг 273-моддаси олтинчи қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Тезкор тадбирлар Самарқанд вилоятида ҳам давом эттирилган. Самарқанд туманида 1981-йилда туғилган шахснинг томорқасида 41 туп каннабис етиштирилаётгани, шунингдек, 400 грамм марихуана сақланаётгани аниқланган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 270-моддаси биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Бухоро вилоятида ўтказилган назоратли учишлар давомида эса Бухоро туманида бир ҳовлининг томорқасида эр-хотин томонидан 46 туп каннабис етиштирилаётгани аниқланди. Яна бир ҳолатда 42 квадрат метр ер майдонида 53 туп каннабис парваришланаётгани аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси олтинчи қисми “а” банди билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

