“Ўзбекфилм” энди филм олмайди, “госзаказ” бекор қилинади, суратга олиш хусусий секторга берилади
ъЎзбекфилмъ давлат муассасаси тугатилиб, миллий кинокомпанияга айлантирилади. Тузилма энди филм олмайди, суратга олиш тўлиқ хусусий секторга ўтади. Кинода ъгосзаказъ бекор қилиниб, субсидия тизими жорий этилади. Асосий эътибор режани ёпишга эмас, сифатга қаратилади, деди президент.

“Ўзбекфилм” энди филм ишлаб чиқармайди, “госзаказ” бекор қилинади, суратга олиш хусусий секторга топширилади
“Ўзбекфилм”нинг ташкилий ва иқтисодий модели янгиланади, дея маълум қилди Шавкат Мирзиёев “Ренессанс” кино уйида киноижодкорлар билан учрашувда.
Унга кўра, давлат муассасаси тугатилиб, замонавий бизнес модели асосида фаолият юритадиган янги “Ўзбекфилм” миллий кинокомпанияси ташкил этилади.
Президент янги кинокомпания миллий кино брендини яратиш ва замонавий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича таянч марказ ҳамда бош оператор бўлишини айтди.
Таъкидланишича, “Ўзбекфилм” миллий кинокомпанияси филм ишлаб чиқармайди. Филмларни яратиш тўлиқ хусусий секторга ўтади. Компания лойиҳаларни танлаш ва молиялаштириш, филмларни тарғиб қилиш, тарқатиш, халқаро бозорлар ва фестивалларга олиб чиқиш билан шуғулланади.
Бу орқали филмни ишлаб чиқаришдан томошабинга етказиб беришгача бўлган жараён яхлит тизимга бирлашади. Миллий кинокомпания фаолиятини бир ҳафта муддатда йўлга қўйиш топширилди.
Президент киноларни молиялаштиришда “госзаказ” (давлат буюртмаси) амалиётидан субсидия асосида қўллаб-қувватлаш тизимига ўтилишини маълум қилди.
“Кино лойиҳаларини молиялаштиришнинг амалдаги давлат буюртмаси ва хариди тизимида ҳам ечимини кутаётган масалалар бор. Эскидан қолган „госзаказ“ замонавий киноиндустрия талабларига жавоб бермаяпти”, — деди давлат раҳбари.
Бир вақтнинг ўзида битта режиссёрга олтитагача, бир муаллифга еттитагача лойиҳа бириктирилгани, бундай юкламада ҳар бир асар устида пухта ишлаш қийин бўлиши таъкидланди. Буюртмаларнинг деярли ярми давлат студияларига берилгани хусусий ижодкорлар учун тенг рақобат имконини чеклаган, деди у.
Қайд этилишича, оқибатда кучли ссенарий ва сифатли филм яратиш ўрнига топшириқни тезроқ “ёпиш” асосий мезон бўлиб қолган. Мамлакат етакчиси ижодкор меҳнатининг натижаси томошабинни чуқур ўйга солиб, қалбида из қолдирган филм билан ўлчаниши кераклигини таъкидлади.
“Ссенарий суратга олиш жараёнида бойитилиши, ижодий ечимлар ўзгариши мумкин. Шунинг учун санъат асарини оддий товар ёки қурилиш обьекти каби техник топшириқлар асосида харид қилиш тўғри эмас”, — деди Шавкат Мирзиёев.
“Бундан буён давлат филмнинг буюртмачиси эмас, ижодкорлар ва хусусий секторнинг ишончли ҳамкори бўлади”, — дея қайд этди у.
Қўшимча қилинишича, 2027-йилдан бошлаб ҳар йили “Ўзбекфилм” миллий кинокомпанияси сўровига кўра буджетдан тегишли маблағ ажратиб борилади. 2016-йилда филмлар олиш учун давлат буджетидан 10 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2026-йилнинг ўзида 218 миллиард сўм берилгани алоҳида қайд этилди.
Мазкур йиғилишда президент Ўзбекистон Кинематография агентлиги, унинг 19 та ташкилоти ва Кинематография жамғармаси тугатилиб, соҳа бошқаруви Маданият вазирлигига ўтказилишини ҳам маълум қилди.
Вазирлик ҳузурида янги Кино санъати департаменти ташкил этилиб, унинг раҳбари вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

