Озарбайжонда тўйдан кейин 90 дан ортиқ киши шифохонага ётқизилди

Озарбайжонда тўйдан кейин 90 дан ортиқ киши шифохонага ётқизилди
Озарбайжонда тўйдан кейин 90 дан ортиқ киши заҳарланиш билан шифохонага тушди. Воқеа Кюрдамир туманида юз берган.
Озарбайжоннинг Report агентлиги хабарига кўра, аввалига ўртача оғирликдаги овқатдан заҳарланиш аломатлари билан 13 киши шифохонага ётқизилгани, улардан етти нафари вояга етмаганлар экани хабар қилинган эди. Кейинчалик жабрланганлар сони 91 нафарга етди.
Жабрланганлар туман марказий шифохонасига етказилган. Уларнинг аксариятига биринчи ёрдам кўрсатилгандан сўнг уйларига жавоб берилган. Қолганлари эса кейинроқ амбулатор даволанишга юборилган.
Оммавий заҳарланиш 30 сентябрь куни соат 20:50 атрофида «Гюняш» тўйхонасида юз берган. Озарбайжон Озиқ-овқат хавфсизлиги агентлиги текширув ўтказмоқда. Воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жалб этилган, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида 57 киши овқатдан заҳарланиш гумони билан шифохонага ётқизилган эди. Улар тезкор таомланиш шохобчаларидан бирида хот-дог ва бургер истеъмол қилганидан кейин шифокорларга мурожаат қила бошлашган.

