Ғазода урушдан шикастланган бино қулаши оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди
Ғазо шаҳридаги 10 та оила яшаб келаётгани айтилган бино вайроналари остида ўнлаб одамлар бедарак йўқолган.

Ғазода урушдан шикаст топган бино қулаши оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди
Маҳаллий аҳолининг айтишича, бино хавфли экани ҳақидаги огоҳлантиришларга қарамай, унда 10 та оила яшаб келган
Ғазо секторида урушдан шикаст топган бинонинг қулаши оқибатида камида 12 киши, жумладан, болалар ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар бедарак йўқолди, деб хабар берди маҳаллий қутқарув хизматлари.
Аҳолининг айтишича, хонадонлар хавфли экани ҳақидаги огоҳлантиришларга қарамай, у ерда 10 та оила яшаб келаётган бўлган.
ҲАМАС назоратидаги Фуқаролик мудофааси қутқарув хизмати аъзолари Исроилнинг Ғазога олиб кириладиган ускуналарга қўйган қаттиқ чекловлари туфайли дастлаб «қуруқ қўл» билан ишлашга мажбур бўлганликларини билдиришди. Бироқ, кейинчалик улар баъзи оғир техникаларни вақтинчалик олишга муваффақ бўлишган.
Сешанба куни Исроилнинг Ғазога уюштирган ҳаво ҳужумлари оқибатида камида беш фаластинлик, жумладан, икки бола ва ҲАМАС командири ҳалок бўлди, деб хабар берди соғлиқни сақлаш расмийлари ва ҲАМАС манбалари.
Исроил ҳарбийлари Ғазо жанубида ҲАМАС командирини, шимолида эса яна бир жангчини йўқ қилганини маълум қилди. Иккала ҳолатда ҳам бир нафардан бола ҳалок бўлгани хабар қилинган.
Бундан ташқари, Буюк Британиянинг «Фаластинликларга тиббий ёрдам» хайрия ташкилоти Ғазо шимолидаги Жабалия шаҳрида ўзлари қўллаб-қувватлайдиган тиббиёт марказида Исроил дрони ҳужуми оқибатида бир бемор ҳалок бўлганини маълум қилди.

