Озарбайжон мактабларида ҳижоб ўрашга қўйилган тақиқ норозилик тўлқинини келтириб чиқарди

Озарбайжон мактабларида ҳижобнинг тақиқланиши норозилик тўлқинини келтириб чиқарди
Озарбайжоннинг бир қатор шаҳар ва туманларида ҳижобли мактаб ўқувчилари дарсларга қўйилмаганидан кейин норозилик акциялари бўлиб ўтди. Ўқувчилар синфдошларини қўллаб-қувватлаш белгиси сифатида дарсларга боришдан бош тортмоқда, ота-оналар эса диний кийим сабабли болаларни таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмасликни талаб қилмоқда. Низо фонида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 37 кишини қўлга олди.
Вазирлар Маҳкамасининг 21 сентябрдаги 309-сонли қарори билан тасдиқланган мактаб формасига қўйиладиган талаблар баҳона бўлди. Ҳужжатда ҳижобга тўғридан-тўғри тақиқ йўқ, аммо амалиётда унинг қоидалари бош рўмолларига ҳам татбиқ этилмоқда. Шу билан бирга, қарорда кийим-кечак талабларини бузганлик учун дарслардан четлаштириш шаклидаги алоҳида чора назарда тутилмаган.
JAM News маълумотларига кўра, норозилик намойишлари Боку ва бошқа аҳоли пунктларидаги мактаблар олдида бўлиб ўтган. Баъзи таълим муассасаларида ўқувчилар ҳижобли қизларнинг дарсларга киритилишига эришиш учун дарсларни бойкот қилишган. Ота-оналар ҳам, агар синфдошлари дарслардан четлаштирилишда давом этса, бошқа болаларини ҳам мактабга юбормасликларини билдиришган.
12 октябрь куни Ички ишлар вазирлиги 37 киши қўлга олингани ва Жиноят кодексининг 233-моддаси — жамоат тартибини бузувчи ҳаракатларни ташкил этиш ёки уларда фаол иштирок этиш бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Идора талқинига кўра, қўлга олинганлар таълим ходимлари билан низолашган, мактабларга зарар етказган ҳамда уларнинг ишига ва транспорт ҳаракатига халақит беришга уринган. Шу билан бирга, вазирлик ҳар бир эпизоднинг тафсилотлари ва қўлга олинганларнинг ёшига аниқлик киритмади.
Кийим талаблари атрофидаги баҳс-мунозаралар нафақат мактаб ўқувчиларига, балки педагогларга ҳам таъсир қилди. 6 октябрь куни ўқитувчилар учун алоҳида қоидалар тасдиқланганидан сўнг, Боку ва Сумгаитда ҳижобли ўқитувчиларга тазйиқ ўтказилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, уларнинг баъзиларига бош рўмолини ечиш ёки ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиш таклиф қилинган.
Хукумат расмийлари чекловларни ягона мактаб формасига риоя қилиш ва таълимнинг дунёвий хусусиятини сақлаб қолиш зарурати билан изоҳламоқда. Тақиқга қарши бўлганлар эса унинг қўлланилиши болаларнинг дарсларга қатнашишини чеклашини ва эътиқод эркинлигига дахл қилишини таъкидламоқда.
Чекловларга қарши норозилик Озарбайжон чегараларидан ташқарига ҳам чиқди. 3 октябрь куни мамлакатнинг Истанбулдаги консуллиги олдида акция бўлиб ўтди: унда иштирок этганлар ҳижоб ўраш билан боғлиқ чекловларга қарши чиқишди.

