ОТМларнинг биринчи босқич талабалари учун дарс бошланди. Газета Тошкент кўчаларидан репортаж тайёрлади
7-сентабрдан ОТМнинг биринчи босқич талабалари учун дарс бошланди. Тошкент шаҳрида биринчи сменадаги ўқув машғулотлари соат 8:00 га кўчирилди. Жамоат транспортларида эса йўловчилар оқими бироз ошган. Газета мухбири талаба ва ҳайдовчилар билан суҳбатлашиб, Тошкент кўчаларидан репортаж тайёрлади.

ОТМларнинг биринчи босқич талабалари учун дарслар бошланди. Газета Тошкент кўчаларидан репортаж тайёрлади
7-сентабрдан олий таълим муассасаларида ўқув жараёнлари йўлга қўйилди. Аммо бу ҳозирча фақат биринчи босқич талабалари учун. Юқори босқичдагилар эса дарсларга 14-сентабрдан қатнай бошлайди. Шу билан бирга, 2026/2027 ўқув йилидан Тошкент шаҳридаги олий таълим ташкилотларида биринчи сменадаги машғулотлар соат 8:00 да бошланади.
Ўқув йили бошланиши билан одатда йўлларда узун тирбандликлар, жамоат транспортида эса тиқилинч кузатилади. Газета мухбири Отабек Турдиев Тошкент кўчаларини кезиб, талабалар ва ҳайдовчилар билан суҳбатлашди, ОТМларда илк ўқув куни қандай кечаётганини кузатди.
Соат 07:00 лар атрофида метрополитеннинг Чилонзор йўли, “Чоштепа” бекатига чиқдим. Йўловчилар одатдагидан сал кўпроқ экани сезилди. Уларнинг орасида оқ-қора формалилар кўпроқ эди. Икки поездни ўтказиб юбориб, учинчисига чиқдим.
Шу тарзда “Пахтакор”да тушиб, “Алишер Навоий” бекати оралиғидаги йўловчилар оқимини кузатдим. Соат 08:00 га яқинлашиб қолган эди. Ҳар иккала бекатда ҳам ҳаракат тинмасди. Эскалатордан одам оёғи узилмасди.
Ер устида, Ботир Зокиров ва Алишер Навоий кўчаларида ҳам қатнов серқатнов эди. Светофор ишлаётган бўлса-да, чорраҳа ўртасида ЙПХ ходими ҳаракатни тартибга солиб турарди.
Талабалар ортидан эргашиб, 91-автобусга чиқдим. Унинг ҳайдовчиси Руслан Саидаҳмедов тонг саҳар 07:15 да йўлга чиққанини, шу заҳоти автобус талабалар билан тўлиб кетганини айтади. Унинг сўзларига кўра, соат 08:00 дан кейин автобусдаги тиқилинч бироз камайган.
Автобус тўхтади ва мен ТАТУ рўпарасида тушдим. Бу ерда биринчи босқич талабалари йўналишлари бўйича сараланаётган экан. Узоқдан келган йигит-қизларнинг ота-оналари ҳам улар билан бирга эди.
Бухоро вилояти Олот туманидан келган Элдор Саҳатовнинг ўғли маркетинг йўналишига контракт асосида қабул қилинган. Ота-бола бир кун аввал кечқурун автобусда йўлга чиқиб, эрталаб Тошкентга кириб келишган. Университетга эса метро орқали етиб келишган.
“Ҳозир ўғлим университет муҳити билан танишяпти. Ётоқхонасини тайин қилиб, кейин Бухорога қайтаман. Лекин мактаб вақтида ўғлимнинг маълумотларини хусусий университетлар олиб қўйган экан, шунинг учун ётоқхонага жойлашиш учун маълумотлари чиқмаяпти. Ҳозир телефон орқали у ёқдаги маълумотларни ўчириб, бу университетга ўтказишни ҳал қилишяпти. Бу бир менинг ўғлим билан бўлмаяпти, шекилли, бошқалар ҳам шу масалани ҳал қилиб юрибди”, — дейди Элдор Саҳатов.
Соат 10:00 лар атрофида “Минор” метро бекатига тушдим. Бу ерда одамлар нисбатан камроқ эди. Поезд ичи ҳам унча тиқилинч эмасди.
Кейин “Юнус Ражабий” ва “Амир Темур хиёбони” бекатларида бўлдим. Бу бекатлар одатда гавжум ва серқатнов бўлади. Соат 10:30 ларда ҳам аҳвол шундай эди.
Амир Темур хиёбонини айланиб чиқдим, у ерда асосан туристлар бор эди. Бродвей томонда эса Тошкент давлат юридик университети талабалари учради. Улар университет муҳити билан танишиб юришган экан.
Самарқандлик Азиз Исмоилов ТДЮУнинг “Жиноят ҳуқуқи” йўналишига супер-контракт асосида ўқишга кирган. У биринчи йил учун 270 млн сўм, кейинги йилдан 23 млн сўм тўлайди. Азизга ҳозир 270 млн сўмнинг 50 фоизини тўласа, октабрдан дарсга кириши мумкинлиги айтилган.
У бир кун аввал Самарқанддан 250 минг сўм эвазига таксида келган. Тошкентга келишдан олдин ўзи ва икки дўсти учун интернет орқали квартира топган: “Новза” метро бекати ёнида, икки хонали, барча шароити бор, нархи 700 АҚШ доллари.
Азиз эрталаблари одатда соат 10:00 да уйғонишини яширмади. У биринчи ўқиш кунида ўз вақтида, яъни 08:00 га бориш учун соат 05:00 да уйғонган, 06:00 да йўлга чиққан, 07:30 да университетга етиб келган. Азизнинг айтишича, энди 06:00 да туриб ҳам дарсга вақтида келиши мумкин экан. Лекин оқ кўйлак, костюм-шим киймаса, галстук тақмаса, қанча барвақт келса ҳам дарсга киролмайди. Чунки қоидаси шунақа экан.
Соат 11:30 лар атрофида Шароф Рашидов шоҳ кўчасини бироз айланиб чиқдим. Машиналар ва пиёдалар ҳаракатида деярли ўзгариш йўқ, ҳаммаси одатдагидек эди.
Соат 12:00 дан ўтгач “Чилонзор” метро бекатига йўл олдим. Бу пайтда ОТМларда биринчи смена дарслари тугайди. Бунёдкор шоҳ кўчаси ва Кичик ҳалқа йўллари кесишган чорраҳада Низомий номидаги педагогика университети жойлашган. Бу чорраҳа ҳар доим ҳам серқатнов бўлган.
“Чилонзор” автобус бекатида ҳам одатдагидан кўра йўловчилар кўпроқ эди. Эътиборимни айни шу бекатда ишлаётган чамаси 5–6 нафар автобус назоратчилари тортди. Улар автобусдан тушаётган йўловчиларнинг тўлов қилган-қилмаганини текшириб юришарди.
1-сентабрдан барча жамоат автобусларида йўловчилар йўл ҳақини сафар бошидаёқ тўлаши шарт қилиб қўйилган. Назоратчилар энди автобус ичида ҳам йўлкира тўлаш бўйича мониторинг олиб боради.
Назоратчилар икки сменада — 07:00 дан 13:00 гача, 13:00 дан 21:00 гача ишлайди. Агар йўловчи кам бўлса, назоратчи автобус ичида ҳам йўловчилар орасида текширув ўтказиши мумкин.
“Нега автобусга чиққанда тўлов қилиш керак? Чунки биз йўловчининг картасини планшет орқали текширганда, тўлов маълумоти чиқиши учун камида 2–3 дақиқа, узоғи 4–5 дақиқа вақт ўтиши керак. Шунда тушунмовчилик бўлмайди. Қолаверса, тўлов амалга оширилган картани валидаторга иккинчи бор теккизганда, экранда яна тўлов қиласизми дегандек савол кўринади. Автобусдаги барча валидаторлар битта „мия“ билан ишлайди”, — дейди назоратчи Жаъфар Қодиров.
Назоратчи картангизни текширганда планшетда бир ой давомида жамоат транспортига қилган тўловларингиз тарихи ҳам кўринади. Шунингдек, ходимлар боди-камера билан ҳам таъминланган.
Йўллардаги тирбандликларни билиш учун 13:50 ларда таксига чиқдим. Ҳайдовчи асли жиззахлик бўлиб, Тошкентга келиб, бугун биринчи бор кира қилаётган экан. Жиззахдан келиб, Тошкентга киргунича “яхшигина тирбандлик” бўлганини айтди.
Таксистнинг сўзларига кўра, у 1,5 йил Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги денгиз портига яқин жойда ишлаган. У ерда Украина дронлари ҳужум қилавериб, уйга қайтишга қарор қилган.
“Менинг ҳужжатларим жойида эди. Ҳужжати йўқ йигитларни 500–1000 долларгача бермаса, урушга олиб кетишаётганди. Мелисалари жуда нацист. Ўзбекистонга келиб, ўзимизнинг мелисаларни қучоқлаб олгим келиб кетди. Энди қайтиб бормайман унақа жойларга”, — дейди суҳбатдошим.
У билан “Беруний” метро бекати олдида хайрлашдик. Сентабр бошида ушбу бекатда одам қимирлолмайдиган даражада тиқилинч бўлгани акс этган видео тарқалди. Кейин метрополитен бу 2024-йилги ҳолат эканини таъкидлади.
Соат 14:35 ларда видеодагидек бўлмаса-да, одам жуда кўп эди. Платформа олдида бир неча қатор бўлиб навбат кутишарди. Назаримда, бунга асосий сабаб йўловчиларнинг поезд келишини узоқ кутишида. Ўша пайтда поезд 7 дақиқадан кейин келганига гувоҳ бўлдим. Қарама-қарши томондан келган поезддан тушган йўловчилар ҳисобига метро бир зумда гавжум бўлиб кетди.
14-сентабрдан ОТМларнинг 2-, 3-, 4-босқич талабалари учун ҳам дарслар бошланади. Бу эса ҳозирги тирбандликларни 3 ҳисса оширса ажаб эмас.
Кеч кира бошлагач, соат 19:00 да уйга қайтиш учун такси чақирдим. Паркент кўчасидан Бешёғоч маҳаллагача 19:50 ларда етиб бордик. Йўлларда бир неча бор узун-узун тирбандликларда ҳам қолиб кетдик.

