Маҳаллий

Тошкентдаги ОТМларда янги ўқув йилидан дарслар соат 8 да бошланади

Тошкентдаги ОТМларда янги ўқув йилидан дарслар эрталаб соат 8 да бошланади

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг маълум қилишича, Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларида 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб биринчи сменадаги дарс машғулотлари соат 08:00 да старт олади.

Ушбу тартиб пойтахтда транспорт оқимини самарали ташкил этиш, эрталабки ва кечки тиғиз вақтларда йўллардаги юкламани камайтириш, шунингдек, таълим жараёнини янада мақбул ташкил этиш мақсадида жорий этилмоқда. Хусусан, дарсларнинг эртароқ бошланиши талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг ҳаракатланиш вақтини оқилона режалаштиришга, кун давомида таълим жараёнини самарали ташкил этишга ҳамда шаҳардаги транспорт воситалари оқимини оптималлаштиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари, мазкур тартиб кундузги ва кечки таълим шаклларида таҳсил олаётган талабалар учун ўқув кунини тўғри режалаштириш, машғулотлар ва бошқа ўқув фаолияти учун вақт имкониятларини кенгайтиришга ёрдам беради.

Янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнида Тошкент шаҳридаги олий таълим ташкилотлари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, педагоглар ва талабалардан ушбу тартибни инобатга олиш сўралди.

Таълим ташкилотларида ўқув машғулотларини белгиланган вақтда бошлаш, ўқув жараёнини тегишли равишда ташкил этиш ҳамда талабалар учун зарур шарт-шароитларни таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилади.

Янги ўқув йилида олий таълим ташкилотларининг 1-босқич талабалари учун дарслар 7-сентябрдан, 2-босқич ва ундан юқори босқич талабалари учун эса 14-сентябрдан бошланади.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Тошкент шаҳар ҳокимлиги шаҳар ва туман ҳокимликлари, шаҳар бошқармалари ҳамда уларга қарашли бўлинмаларнинг иш вақтини 8:00 дан 17:00 гача белгилашни таклиф қилган эди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.