ОТБ МАРЭҲ чегара пунктларини модернизация қилиш учун 400 миллион доллар ажратилишини маъқуллади
Осиё тараққиёт банки Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги (МОМИҲ) мамлакатларида чегара инфратузилмасини модернизация қилиш ва савдо-сотиқни осонлаштириш учун 400 миллион доллар ажратилишини маъқуллади.

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик (МОМИҲ) минтақасида чегара ўтиш пунктларини модернизация қилиш, транспорт ва логистика харажатларини камайтириш ҳамда одамлар ва товарлар ҳаракатини яхшилаш учун BUILD деб номланган 400 миллион долларлик минтақавий молиялаштириш дастурини маъқуллади, деб хабар беради банк.
Интеграция, логистика ва ривожланиш учун чегараларни модернизация қилиш (BUILD) дастури чегара инфратузилмасига устувор инвестицияларни молиялаштиради, ўзаро боғлиқликни кучайтиради ва МОМИҲга аъзо мамлакатлар ўртасидаги рақобатбардошликни мустаҳкамлайди.
«Чегаралар шунчаки назорат-ўтказиш пунктлари эмас. Улар иш ўринлари яратиш, минтақавий бозорларни ривожлантириш ва даромад олиш имкониятларини кенгайтириш эшигидир», — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Лия Гутьеррес.
Гутьерреснинг таъкидлашича, BUILD дастури МОМИҲ давлатларига тезроқ, замонавийроқ ва яхшироқ боғланган чегара ўтиш жойларини яратишга ёрдам беради. Бу эса иқтисодиётларни бир-бирига яқинлаштириш, трансчегаравий бозорларни кенгайтириш ва иқтисодий коридорларни ривожлантириш орқали самарасизликка барҳам бериши кутилмоқда.
Модернизация қилиш ташаббуси МОМИҲ транспорт коридорлари бўйлаб чегара ўтиш пунктларидаги доимий тўсиқларни бартараф этишга қаратилган бўлиб, у ерда савдо ҳажмининг ўсиши, инфратузилмавий чекловлар, қувватларнинг етишмаслиги ва эскирган чегара бошқаруви тартиб-таомиллари ҳаракатни секинлаштиришда давом этмоқда.
ОТБ баҳолашига кўра, чегарадаги мавжуд чекловлар иқтисодий йўқотишларга олиб келади ва транспорт операторлари, савдо корхоналари ҳамда йўловчилар учун қийинчиликлар туғдиради, шу билан бирга, одам савдоси, атроф-муҳитнинг ёмонлашуви ва жамоат саломатлигига таҳдидлар билан боғлиқ хавфларни оширади.
BUILD дастури орқали ажратилган маблағлар МОМИҲ мамлакатларидаги темир йўл ва автомобиль назорат-ўтказиш пунктларидаги устувор лойиҳаларга йўналтирилади. Режалаштирилган чора-тадбирлар қаторига замонавий инфратузилма барпо этиш, рақамли тизимларни жорий этиш ҳамда илғор текширув ва назорат ускуналарини ўрнатиш киради.
Ишлар, шунингдек, ўтиш вақти ва у билан боғлиқ харажатларни камайтириш учун чегара назорати тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштиришга қаратилади.
Бундан ташқари, дастур институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш, транспорт ва логистика секторидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда хусусий сектор иштирокини рағбатлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни ўз ичига олади.
BUILD ташаббуси хусусий инвестициялар учун имкониятлар яратиш билан бир қаторда, қишлоқ хўжалиги, туризм ва транспорт хизматлари каби соҳалардаги микро, кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, уларнинг минтақавий савдода янада самарали иштирок этишига ёрдам беради.
МОМИҲ дастурига Афғонистон, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Покистон, Хитой, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон киради. Аъзо мамлакатлар минтақавий ҳамкорлик орқали барқарор ўсишни таъминлаш учун ривожланиш бўйича ҳамкорлар билан биргаликда ишлайди, ОТБ эса МОМИҲ Котибияти вазифасини бажаради.
1966 йилда ташкил этилган Осиё тараққиёт банкига 69 та аъзо эгалик қилади, улардан 50 таси Осиё-Тинч океани минтақасида жойлашган.

