Спорт

Осиё ўйинларида олтинсиз кун. Икки спортчи финалда ютқазди

Кун давомида фақат икки кумуш медал қўлга киритилди. Дзюдочи Шаҳрам Аҳадов финалда БАА вакили Казбек Нагучевга ютқазди. Юнон-рум куращиси Алишер Ғаниев қирғизистонлик Жўломон Шаршенбековдан мағлуб бўлди. Қирғизистон бу ғалаба орқали Осиё ўйинларидаги илк олтин медалини қўлга киритди.

Осиё ўйинларида олтин медалсиз кун: икки спортчи финалда мағлуб бўлди

1-октабр куни, Осиё ўйинларининг 12-кунида Ўзбекистон делегацияси вакиллари спортнинг 12 турида беллашди, бироқ кунни олтин медалсиз якунлади.

Кун давомида фақат иккита кумуш медал қўлга киритилди — дзюдода Шаҳрам Аҳадов, юнон-рум курашида эса Алишер Ғаниев финалгача етиб борди, аммо ҳал қилувчи баҳсларда ютқазди.

Ўзбекистон дзюдо жамоаси бугунги дастурда 5 нафар спортчи билан қатнашди.

Шаҳрам Аҳадов турнирни муваффақиятли ўтказди. Амалдаги Осиё чемпиони бўлган бу спортчи дастлабки босқичда Афғонистон вакили Сайид Муҳаммад Сайидийни (иппон), чоракфиналда жанубий кореялик Ан Жаеҳонгни (иппон), яримфиналда эса япониялик Тацуки Ишиҳарани (юко) мағлуб этди.

Бироқ финалда БАА номидан қатнашган асли россиялик Казбек Нагучевга ютқазиб, кумуш медал билан кифояланди.

Арслонбек Тожиев эса илк босқичдаёқ тожикистонлик Абубакр Шеровга мағлуб бўлди. Тожикистонлик куращи финалгача етиб бора олмагани сабаб Тожиевда бронза учун курашиш имконияти пайдо бўлмади.

Ўз навбатида, қизлар жамоасининг уч вакили ҳам бронза учун курашди.

Шукуржон Аминова аввал қирғизистонлик Жанар Жўлдошевани (иппон), сўнг қозоғистонлик Дана Абдировани (иппон) мағлуб этди, аммо яримфиналда ушбу вазн тоифасининг фаворити — жаҳон чемпиони ва Олимпиада финалчиси Ҳу Ми Мига ютқазди. Кейин кореялик спортчи финалга чиқиб, чемпион бўлди ва бу Аминовага бронза учун курашиш имконини берди. Аммо ўзбекистонлик дзюдочи медал учун баҳсда япониялик Мио Шираканега иппон баҳоси билан мағлуб бўлди.

Маржона Нуриллаева биринчи баҳсдаёқ КХДР вакили Ким Жи Ҳьега ютқазди (вазари), рақиби финалгача чиққани сабаб Нуруллаевада бронза учун курашиш имконияти юзага келди. У аввал ўтиш баҳсида қирғизистонлик Адина Кўчконбаевадан устун келганди (юко), бироқ медал учун баҳсда қозоғистонлик Эсмигул Куюловага имкониятни бой берди (вазари).

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.