Орбитага чиққан янги сунъий йўлдош Ернинг илк суратларини юборди
Европанинг Сопернисус Сентинел-3С сунъий йўлдоши учирилганидан атиги икки ҳафта ўтиб, Ернинг дастлабки суратлари ва ўлчов маълумотларини юборди. Илк тасвирларда Италия, Канада Арктикаси ва Кариб ҳавзаси акс этган.

Орбитага чиқарилган янги сунъий йўлдош Ернинг дастлабки суратларини узатди
Европа космик агентлиги — ЭСА берган маълумотга кўра, тасвирлар ва ўлчовлар аппаратдаги иккита асосий асбоб ёрдамида олинган. Натижалар уларнинг ишлашини тасдиқлади, бироқ сунъий йўлдошни тўлиқ ишга тайёрлаш учун яна қарийб беш ой керак бўлади.
Сентинел-3С — Сентинел-3 туркумидаги учинчи аппарат. У океанлар, қуруқлик, музликлар ва атмосфера ҳолати ҳақида узоқ муддатли экологик маълумотлар йиғишни давом эттиради.
Биринчи суратда Италия табиий рангларда акс этган. Кадр Германиянинг жанубий ҳудудларидан Сицилия ва Ўрта Ер денгизининг жанубий қисмигача бўлган ҳудудни қамраб олган.
Тасвир марказидан бироз юқорироқда Италиянинг муҳим қишлоқ хўжалиги ҳудуди — По дарёси водийси кўринади. Унинг яшил ва қўнғир майдонлари шимолдаги қорли Алп чўққилари билан кескин фарқланади.
Шарқда Адриатика денгизи Апеннин яриморолини Болқондан ажратиб туради. Италиянинг шарқий қирғоғи бўйлаб сувнинг очроқ кўк тусда кўриниши, эҳтимол, дарёлар денгизга олиб келган чўкинди моддалар билан боғлиқ.
Ғарбда эса Тиррен денгизининг тўқ рангли сувлари, Сардиния ва Сицилия ороллари кўринади. Корсиканинг катта қисми булутлар остида қолган.
Иккинчи сурат Гренландия ғарбидаги Канада Арктика архипелагининг бир қисмини намойиш этади. Қор ва муз билан қопланган ороллар, чуқур фордлар ҳамда очилиб қолган қоялар мураккаб табиий манзара яратган.
Очиқ сувнинг тўқ юзасида парчаланган муз бўлаклари ҳам кўринади. Арктикадаги муз ва сув ҳолатини кузатиш қутб ҳудудларида юз бераётган ўзгаришларни тушуниш учун муҳим.

