Қирғизистоннинг илк миллий сунъий йўлдоши орбитага учирилди (видео, фото)
Президент Садир Жапаров АҚШда мамлакатнинг биринчи сунъий йўлдоши учирилишида қатнашди. СпасеХ ракетасида учирилган қурилма Бишкекдан бошқарилади ва у қишлоқ хўжалиги, табиий офатларни барвақт аниқлаш ҳамда ресурсларни самарали мониторинг қилишда қўлланади.

Қирғизистоннинг биринчи миллий сунъий йўлдоши орбитага чиқарилди (видео, фото)
Президент Садир Жапаров Америка Қўшма Штатларига амалий ташрифи доирасида Қирғизистоннинг илк миллий сунъий йўлдошини учириш маросимида қатнашди.
Маълум қилинишича, учириш Калифорния штатидаги Ванденберг ҳарбий ҳаво базасидан СпасеХ компаниясининг Фалсон 9 ташувчи ракетаси ёрдамида амалга оширилди.
Сунъий йўлдош битта ташувчи ракета орқали орбитага чиқарилган космик аппаратлар гуруҳи таркибида учирилди. Хабарда айтилишича, унинг парвози Қирғизистон ва Бирлашган Араб Амирликларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижаси бўлди. Сунъий йўлдошни бошқариш Бишкек шаҳрида жойлашган бошқарув марказидан амалга оширилади.
Қайд этилишича, сунъий йўлдошнинг учирилиши Қирғизистон учун космик маълумотлардан турли йўналишларда фойдаланиш бўйича янги имкониятлар очади.
Олинадиган маълумотлар қишлоқ хўжалиги ерлари, музликлар, сув ҳавзалари, ўрмонлар ва яйловлар мониторингини олиб бориш, шунингдек, табиий экотизимлардаги ўзгаришларни кузатиш имконини беради.
“Сунъий йўлдош маълумотларидан ер қаъридан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари, рухсат этилмаган чиқиндихоналар ва бошқа ифлосланиш манбаларини аниқлаш, шунингдек, логистика йўналишларини оптималлаштиришда фойдаланилади. Табиий хавф-хатарларни мониторинг қилиш ва уларни барвақт аниқлашда сунъий йўлдош технологиялари алоҳида аҳамият касб этади”, — дея қайд этди Қирғизистон ПА.
Олинадиган маълумотлар қурғоқчилик, сув тошқини, кўчки, сел ва ўрмон ёнғинлари белгиларини тезкор аниқлаш имконини бериб, ўз вақтида чора кўриш ҳамда юзага келиши мумкин бўлган зарарни камайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Келгусида сунъий йўлдош маълумотлари давлат рақамли тизимлари билан интеграция қилинади ҳамда фазовий хариталар ва таҳлилий моделлар яратишда қўлланади.
Бу давлат қарорларини қабул қилиш, инвестициявий режалаштириш ва давлат дастурлари ижросини назорат қилишда холис маълумотларга таяниш учун шароит яратади.
Сунъий йўлдош маълумотларидан суперкомпютер технологиялари имкониятлари билан уйғун ҳолда фойдаланиш Қирғизистоннинг иқтисодий ва табиий ресурсларини янада аниқ ҳамда самарали бошқариш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади, дейилади хабарда.

