Оқтепа майдони чорраҳасида ҳаракат тартиби ўзгарди
Тошкентдаги Оқтепа майдони чорраҳасида транспорт воситалари учун янги чапга бурилиш йўналишлари ташкил этилди. Натижада ҳайдовчилар босиб ўтадиган масофа қарийб 600 метрга, ҳаракат вақти эса тиғиз соатларда 10 дақиқагача қисқариши айтилмоқда.

Оқтепа майдони чорраҳасида транспорт ҳаракатини яхшилаш мақсадида янги тартиб жорий этилди. Бу ўзгаришлар тирбандликларнинг олдини олиш ва ортиқча масофани қисқартиришга қаратилган.
Эндиликда Лутфий кўчасидан Нурафшон ва Сеул кўчалари йўналишида ҳаракатланаётган ҳайдовчилар светофорнинг рухсат берувчи ишораси орқали тўғридан-тўғри чапга бурилишлари мумкин. Илгари бу йўналишда ҳаракатланиш учун Муқимий кўчасига ўтиб, у ердан қайрилиб олиш талаб қилинарди.
Шунингдек, Самарқанд Дарвоза кўчасидан келаётган транспорт воситалари учун ҳам янги чапга бурилиш имконияти яратилди. Аввал бу йўналишдан Лутфий ва Муқимий кўчаларига ўтиш учун Нурафшон кўчасига кириб, қайрилиб олиш зарур эди. Янги тартибга кўра, ҳайдовчилар светофорнинг тегишли ишораси орқали тўғридан-тўғри чапга бурилиб, Муқимий ва Лутфий кўчалари томон ҳаракатланишлари мумкин.
Ушбу ўзгаришлар натижасида ҳайдовчилар босиб ўтадиган масофа қарийб 600 метрга қисқарди. Шунингдек, Нурафшон ва Муқимий кўчаларида қайрилиб олиш жараёнида юзага келадиган тирбандликларни камайтириш кўзда тутилган. Ҳисоб-китобларга кўра, янги ҳаракат тартиби ҳайдовчиларнинг йўлдаги вақтини одатий соатларда 4 дақиқагача, тиғиз вақтларда эса 10 дақиқагача қисқартиради.
Пиёдалар хавфсизлиги ва ҳаракатланиш қулайлигини таъминлаш мақсадида чорраҳада пиёдалар ўтиш йўлаклари ҳамда пиёдалар учун светофорлар ҳам ўрнатилди.

