“Опен бюджет” учун мажбурий овоз йиғиш ҳолатлари ҳақида хабар бериш сўралди

“Опен бюджет” учун мажбурий овоз йиғиш ҳолатлари ҳақида хабар бериш сўралди.
Давлат меҳнат инспексияси “Опен бюджет” лойиҳаси доирасида мажбурий овоз йиғиш ҳолатлари юзасидан фуқароларни хабар беришга чақирди.
Инспексия “Опен бюджет”да мажбурий овоз беришга жалб этилаётган бюджет ташкилоти ходимларидан бу ҳақда 1176 қисқа рақами орқали маълумот беришларини сўради.
Инспексия ходимларни мажбурий тарзда овоз йиғиш ёки овоз беришга жалб қилиш меҳнат қонунчилигига зид эканлигини таъкидлади. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасига мувофиқ, меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлишини эслатди.
“Ҳурматли иш берувчилар! Агар ходимларни мажбурий равишда овоз йиғишга ёки овоз беришга жалб қилганингиз аниқланса, лойиҳа “Ташаббусли бюджет” жараёнидан четлатилиши мумкин. Масъул шахслар эса белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади”, дейилади хабарда.
“Ташаббусли бюджет” доирасида саралашдан ўтган лойиҳаларга овоз бериш босқичи 21-август соат 23:59 да бошланган бўлиб, мазкур жараён 31-август соат 23:59 га қадар давом этади. Овоз бериш эвазига пул мукофоти ваъда қилувчи норасмий Телеграм ботлари кўпайгани сабабли Иқтисодиёт ва молия вазирлиги огоҳлантириш билан чиқиб, мукофотлар учун эмас, ўзгаришлар учун овоз беришга чақириб, фирибгарлар тузоғига тушиб қолиш эҳтимолидан огоҳлантирганди.

