Олмалиқдаги бозорда катта ёнғин содир бўлди
Бугун тонгда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги Ойдин деҳқон бозорида катта ёнғин чиқди. Kun.uz обуначилари томонидан юборилган видеоларда бозордаги бир нечта раста ёнаётгани акс этган.

Олмалиқда жойлашган бозорда улкан ёнғин келиб чиқди.
Воқеа жойи атрофида бир нечта ўт ўчириш ва тез ёрдам машиналари кўзга ташланди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Kun.uz'га маълумот беришича, 30-август куни эрталаб соат 05:18 да Тошкент вилояти ФВБга Олмалиқ шаҳридаги «Ҳамза» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Ойдин деҳқон бозори»да ёнғин бошлангани ҳақида хабар келиб тушган.
Хабарда айтилишича, «хабарга асосан, ёнғин-қутқарув бўлинмалари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни қуршаб олган ва соат 07:12 да тўлиқ ўчирган».
Вазирлик ҳодиса натижасида тан жароҳати олганлар ҳақида ҳеч қандай маълумот келиб тушмаганини билдирди. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.

