Олимлар умрни узайтиришга ёрдам бериши мумкин бўлган биологик йўлни аниқлади
Тадқиқотчилар паст ҳарорат организмда айрим моддалар ишлаб чиқарилишини фаоллаштириб, қариш жараёнига таъсир кўрсатиши мумкинлигини аниқлади. Буни текшириш учун улар тажрибаларда Саенорҳабдитис элеганс турига мансуб чувалчангларни ўрганди.

**Олимлар умрни узайтиришга ёрдам бериши мумкин бўлган биологик йўлни аниқлади**
Германиянинг Кёлн университети олимлари мўтадил совуқ ҳарорат умр давомийлигини оширишга қандай таъсир қилишини изоҳловчи биологик йўлни аниқлади. Тадқиқот натижаларига кўра, паст ҳарорат организмда айрим моддалар ишлаб чиқарилишини фаоллаштириб, қариш жараёнига таъсир кўрсатиши мумкин.
Тадқиқотчилар тажрибада **Саенорҳабдитис элеганс** турига мансуб нематода чувалчангларини ўрганди. Улар 15 даража Селсий ҳароратда бу жониворларнинг мушакларида **САТ-4** ферменти ишлаб чиқарилиши кучайишини аниқлаган. Ушбу фермент **дигидробиоптерин (БҲ2)** деб аталадиган модданинг ҳосил бўлишида иштирок этади.
Кейин БҲ2 ичак ва асаб тизими каби бошқа тўқималарга ўтиб, **тетраҳидробиоптерин (БҲ4)** моддасига айланади. БҲ4 эса тирозин аминокислотасини синтез қилишга ёрдам берадиган фермент фаолияти учун зарур. Олимлар ушбу биологик занжир бузилганда совуқ ҳарорат билан боғлиқ умр узайиши самараси камайишини аниқлаган.
Тадқиқот жараёнида яна бир қизиқ ҳолат кузатилди. Мушакларда БҲ2 ишлаб чиқарилишини кучайтириш одатдаги ёки юқори ҳарорат шароитида ҳам чувалчангларнинг умрини узайтирган.
Олимлар инсон ҳужайралари устида ҳам алоҳида тажрибалар ўтказган. Уларда БҲ2 ёки тирозин қўшилиши Хантингтон касаллиги ва амиотрофик латерал склероз билан боғлиқ ўзгарган оқсилларнинг тўпланишини камайтирган.
Шунга қарамай, тадқиқот мўтадил совуқ инсон умрини узайтиришини ёки совуқ билан боғлиқ муолажалар самарали эканини исботламайди. Ҳозирча аниқланган механизмнинг инсон организмига таъсирини баҳолаш учун қўшимча тадқиқотлар зарур.

