Олимлар саратоннинг давосиз турини даволаш йўлини топди

Олимлар даволаб бўлмайдиган саратон турини даволаш усулини топдилар.
РУДН университети Молекуляр ва ҳужайравий тиббиёт институти мутахассислари, россиялик ҳамда хитойлик олимлар билан биргаликда, стандарт усуллар билан деярли даволаб бўлмайдиган ўпка саратони турига қарши янги усулни таклиф этишди. Бу ҳақда “РИА Новости” университет матбуот хизматига таяниб хабар берди.
Аденокарсинома – ўпкадаги хавфли ўсмаларнинг энг кенг тарқалган туридир. Баъзи беморларда ген мутациялари мавжуд бўлиб, бу одатий даволаш усулларини самарасиз қилади. Шу сабабли, бундай ўсмага эга беморлар учун турли даволаш усулларини топиш ва уларни бирлаштириш замонавий биотиббиёт учун муҳим вазифадир.
**Эксперимент қандай ўтказилди?**
Тадқиқотчилар нурланиш терапиясини ПССК9 ингибиторлари (бу дорилар, масалан, диабетни даволаш ва холестеринни туширишда қўлланилади) билан тўлдиришга қарор қилишди. Улар ўпка саратонининг тажовузкор ҳужайраларидан махсус намуналар яратдилар ва уларни СРИСПР/Сас9 (“молекуляр қайчи”) ёрдамида ўзгартирдилар.
Шундан сўнг, клонлаштирилган ҳужайраларга нурланиш билан бир вақтда ПССК9 ферментини блоклайдиган (ингибиция қиладиган) дорилар билан ишлов берилди. Тажриба шуни кўрсатдики, гадрон терапияси ва ПССК9 ингибиторлари биргаликда қўлланилганда саратон ҳужайраларини стандарт усулларга қараганда анча самаралироқ йўқ қилади.
“Гадрон терапияси бу нурланиш терапияси ривожланишидаги янги босқичдир. У беморнинг соғлом тўқималари ва аъзоларига тегмаган ҳолда, зарарланган ҳужайраларни зарядланган ядро заррачалари (протонлар ёки нейтронлар) билан нишонга олиб йўқ қилиш имконини беради. Бу усул жуда кучли ва юқори аниқликка эга”, деди тадқиқот муаллифларидан бири, РУДН университети ходими Алёна Гансова.
Унинг сўзларига кўра, Обнинск шаҳридаги Цйб номидаги тиббиёт илмий-тадқиқот маркази ҳамкасблари билан биргаликда мутацияга учраган ҳужайраларга нейтронлар ва протонлар билан ишлов берилган. Ҳар иккала ҳолатда ҳам биргаликдаги терапия (нурланиш ва ингибиторлар) яхши натижа кўрсатган.
Тадқиқотга Хитойнинг Фудан университети профессори Суҳуй Бао катта ҳисса қўшди. У ПССК9 ферментини тормозловчи молекула нурланиш терапиясининг ўпка саратони ҳужайраларига таъсирини кучайтира олиши ҳақидаги ғояни илгари сурган эди.
Гансованинг тушунтиришича, ҳозирда олиб борилаётган изланишларда тажриба ҳайвонларида ўпка саратони моделлаштирилмоқда. Ушбу тажрибалар натижаларига асосланиб, олимлар нейтрон нурланиши таъсирида тирик организмларда иммун жавоб механизмлари қандай ишга тушишини тасвирлашни режалаштирмоқда.
Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти яқин келажакда дунёда ҳар беш одамдан бири саратонга чалиниши ҳақида огоҳлантирганди.

