Одилхон Исмоилов озодликка чиқди
“Райхон оилавий миллий таомлари” таъсисчиси Одилхон Исмоилов суд залидан қамоқдан озод этилди. Апелляция суди унга тайинланган жазони шартли ҳисоблаб, 3 йил синов муддати берди. Жиноят иши доирасида етказилган зарарнинг бир қисми нақд пул шаклида депозит ҳисоб рақамига топширилгани ва бошқа ҳолатлар инобатга олинган.

Одилхон Исмоилов озодликка чиқди
“Райхон оилавий миллий таомлари” таъсисчиси Одилхон Исмоиловга оид жиноят иши апелляция судида кўриб чиқилди. Бугун мазкур иш юзасидан апелляция суди ажрими эълон қилинди.
Маълум қилинишича, жиноят иши доирасида етказилган зарарнинг бир қисми нақд пул кўринишида депозит ҳисоб рақамига топширилган, Одилхон Исмоиловга тегишли мулк банкнинг талабига биноан банк балансига қабул қилиниши белгиланган. Шунингдек, хатланган мулклар сотилиб, зарарни қоплашга йўналтирилган. Шу ва бошқа ҳолатлар инобатга олиниб, Одилхон Исмоиловга Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилди ҳамда Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди.
Шу тариқа у суд залида қамоқдан озод қилинди.
Одилхон Исмоилов ЖИБ Поп туман судининг 2026-йил 13-июлдаги ҳукми билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.
Одилхон Исмоилов 1977-йилда Наманган вилоятида туғилган, «Райхон оилавий миллий таомлари» таъсисчиси ҳисобланади.
У 2010-йилдан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари бўлган. 2011-йилдан 2018-йил июлигача Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби ва «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом-хатиби сифатида ишлаган. 2018-йил июлида эса Мусулмонлар идораси Исмоилов «тасдиқланмаган хабарларни интернет орқали тарқатгани ва беморлиги важидан вазифани уддалай олмаётгани сабабли» ишдан олинганини маълум қилган.
Одилхон Исмоилов 2019-йилдан бошлаб «Вақф» хайрия жамоат фондида фаолият юритган.
2019-йил февралида Одилхон Исмоилов Шайхонтоҳур тумани «Хўжа Аламбардор» масжидига имом-хатиб этиб тайинланган. 2019-йил сентабрида эса соғлиғидаги муаммолар туфайли ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этилган.
У 2026-йил январида ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, сохта тадбиркорлик ва бошқа айбловлар билан қамоққа олинганди.

