Лайфстайл

Одамлар туғилмайдиган, оила ва севги тақиқланган дунё | 5 дақиқа

Одамлар бахтли яшайди. Аммо уларнинг оиласи йўқ, болалари табиий туғилмайди, севги эса жамият учун кераксиз туйғуга айланган. Улар ота-она деган тушунчанинг устидан кулишади. Энг қизиғи, ҳеч ким бундан норози эмас. Чунки бу дунёда одамлар қандай яшашини ўзлари танламайди. Олдос Хакслининг «Ажиб янги дунё» романи мана шундай жамият ҳақида ҳикоя қилади. 5 дақиқанинг навбатдаги сонида азал чегараларига яқинлашмоқчи бўлган жамиятнинг фожиаси ҳақида гаплашамиз.

Одамлар туғилмайдиган, оила ва севги тақиқланган дунё | 5 дақиқа

Одамлар бахтли яшайди. Аммо уларнинг оиласи йўқ, болалари табиий равишда туғилмайди, севги эса жамият учун кераксиз туйғуга айланган. Улар ота-она деган тушунчани масхара қилишади. Энг ажабланарлиси, бундан ҳеч ким норози эмас. Чунки бу дунёда одамлар қандай яшашини ўзлари танламайди. Олдос Хакслининг «Ажиб янги дунё» романи айнан шундай жамият ҳақида сўз юритади.

Романдаги келажак жамияти «Дунё давлати» деб аталади. Бу ерда одамлар онадан туғилмайди. Болалар махсус лабораторияларда етиштирилади. Кимдир «алфа» тур сифатида раҳбарликка тайёрланади, кимдир оддий меҳнат қиладиган табақага мослаштирилади. Яъни инсон аввал туғилиб, кейин ўз йўлини топмайди. Аввал унинг қандай одам бўлиши кераклиги белгиланади, кейин ўша одам яратилади.

Қизиғи шундаки, одамлар бунга қарши эмас. Чунки уларнинг онги ҳам болаликдан бошлаб шакллантириб қўйилган. Ким бўлишни, нимани яхши кўришни, нимадан қўрқишни улар ўзлари танламайди. Жамият бу ишни улар учун аллақачон қилиб қўйган.

Бу жамиятда оила, ота-она деган сўзлар эскилик сарқити, ҳатто уятли нарса сифатида қабул қилинади. Одамлар бир-бирига чуқур боғланиб қолмаслиги керак. Чунки кучли муҳаббат, садоқат, рашк ва айрилиқ каби туйғулар одамни издан чиқариши мумкин. Бу давлатга эса издан чиқмайдиган одамлар керак эди.

Агар кимдадир озгина қайғу ёки шубҳа пайдо бўлса, у давлат томонидан бепул тарқатиладиган наркотик — «сома» деб аталувчи дорини ичади ва дарҳол сохта бахт оламига қайтади. Бу дунёда китоб ўқиш, диний эътиқод ёки ёлғиз қолиш тақиқланган, чунки булар барқарорликка таҳдид солади.

Бу жамият муаммони ҳал қилишдан кўра, уни ҳис қилмасликни танлаган эди.

Романда Бернард Маркс деган қаҳрамон бор. У ҳам Алфа авлодидан, лекин бу мукаммал жамиятда ўзини бегона ҳис қилади. Атрофидагилар ҳамма нарсадан мамнун, Бернард эса «нега» деган саволни беришдан тўхтамайди. Баъзан битта «нега»нинг ўзи одамни бутун тизимга бегона қилиб қўйиши мумкин.

Бу ғалати жамиятга «ёввойилар ҳудуди»да катта бўлган Жон исмли йигитни олиб келишади. Ёввойилар жамияти Дунё давлатига кирмасди. У ерда одамлар ҳануз табиий туғилади, қарийди, касал бўлади, ўлади, севади, рашк қилади, жанжаллашади ва йиғлайди.

Ёввойи Жон Шекспирни ўқиб улғайган. Шунинг учун у муҳаббатнинг ҳам, фожианинг ҳам нархини билади. Унинг назарида инсон ҳаёти фақат роҳатдан иборат эмас. Севги ҳам истаган пайтингизда алмаштириб қўйиладиган кўнгилочар нарса эмас. Унда вафо, рашк, қурбонлик бор, ҳатто азоб ҳам бор.

Бернард Жонни Дунё давлатига олиб келганида, ҳамма уни томоша қилишга арзигулик қизиқ мавжудот сифатида қабул қилади. Жон эса аксинча, уларнинг ҳаётидан ҳайратга тушади. У Ленинани яхши кўриб қолади, аммо Ленинанинг муҳаббат ҳақидаги тасаввури билан Жоннинг ўйлаганлари бутунлай бошқа-бошқа нарсалар эди.

Дунё давлати инсонни азобдан қутқаришга уринарди. Жон эса инсон азобсиз инсон бўлиб қололмаслигини англатмоқчи бўлади.

Чунки қайғуни йўқоцангиз, шодликнинг қадри ҳам ўзгаради. Танлаш имкони бўлмаса, тўғри қарорнинг ҳам қадри қолмайди.

Ёзувчига кўра, инсонни бошқариш учун уни доим қўрқитиш шарт эмас. Унга етарлича роҳат берсангиз кифоя.

Биз ҳозирча «Ажиб янги дунё»да яшамаётгандирмиз. Лекин Хаксли тасвирлаган айрим эшиклар аллақачон очилиб бўлган. Технология инсон ҳаётига тобора чуқур кириб боряпти. Туғилиш, ирсият, ташқи кўриниш, қобилият ва инсон танаси билан боғлиқ имкониятлар ҳақидаги илм кун сайин кенгаймоқда. Илмнинг ўзи ёмон эмас. Аксинча, илм инсонга берилган улкан неъмат. Аммо имкониятларнинг кўпайиши азалий чегараларни бузиб ўтмаслиги керак.

Чунки бир куни инсон “касалликни енгамиз” деган яхши ниятдан “қандай инсон туғилиши кераклигини ҳам ўзимиз белгилаймиз” деган нуқтага ўтиб кетиши мумкин. Аллоҳнинг чегараларини унутиб қўйиши ҳеч гап эмас.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.