Одам ўлдиришдан номусга тегишгача: Ўзбекистоннинг қайси ҳудудларида жиноятлар энг кўп қайд этилмоқда?

Одам ўлдиришдан номусга тегишгача: Ўзбекистоннинг қайси ҳудудларида жиноятлар энг кўп қайд этилмоқда?
Олий суд 2026-йил И ярмида содир этилган айрим жиноятлар бўйича судланганлар сонини маълум қилди. Ҳисоботда кўрсаткичлар ҳудудлар кесимида берилган.
Таҳлилга кўра, олти ой ичида Ўзбекистонда 179 нафар қасддан одам ўлдириш, 228 нафар номусга тегиш жинояти билан айбланган шахсларга ҳукм ўқилган. Таққослаш учун, 2025-йилнинг шу даврида 177 киши одам ўлдириш, 110 киши номусга тегиш жинояти бўйича судланганди. Демак, ҳар иккала жиноят сони ошган.
Ярим йил давомида Тошкент вилоятида қасддан одам ўлдириш (33 та) ва номусга тегиш (34 та) жиноятлари энг кўп қайд этилган. Кейинги ўринларни Самарқанд (27 та) ва Фарғона (26 та) вилоятлари эгаллаган.
Ҳисобот даврида энг кўп содир этилган жиноятлар гиёҳвандлик билан боғлиқ бўлиб, уларнинг сони 5 788 тани ташкил этган. Шунинг бешдан бир қисми, яъни 1273 таси Тошкент шаҳрида қайд этилган.
Олти ойда республикада 1 789 та безорилик жинояти содир этилган, энг катта улуш эса Сурхондарё вилояти ҳиссасига тўғри келган — 299 та.
Мамлакатда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишга оид 2 614 та жиноят содир этилган. Бу борада энг юқори кўрсаткич Андижон вилоятида қайд этилган — 341 та.
Қасддан баданга оғир ва ўртача оғирликда тан жароҳати етказиш билан боғлиқ 1 376 та жиноят юзасидан суд ҳукми чиқарилган. Нисбатан юқори улуш Фарғона вилояти ҳиссасига тўғри келган — 211 та.
Республикада ўғрилик бўйича 4 490 киши судланган, уларнинг энг кўп қисми Тошкент вилоятида қўлга олинган — 650 нафар.
Ҳисобот даврида аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазьиқ ўтказиш билан боғлиқ кўрилган жиноят ишлари сони 2 480 тани ташкил этган. Натижада 1 624 та айблов ҳукми чиқарилган. Бу турдаги жиноятни кўпроқ 31-60 ёшдагилар содир қилган.
Аввалроқ 2026-йил И ярмида Ўзбекистон бўйича 11 минг 703 киши озодликдан маҳрум этилгани хабар қилинганди. Таққослаш учун, 2025-йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 9 минг 570 минг нафар эди.

