Ўзбекистон судларида кўрилган жиноят ишлари сони олти ойда 29 фоизга ошди

Ўзбекистон судларида кўрилган жиноят ишлари сони олти ойда 29 фоизга ошди
2026-йилнинг И ярмида судларда кўрилган жиноят ишлари сони 2025-йилнинг мос давридагига нисбатан 29 фоизга кўпайди. Бу ҳолат Олий суд эълон қилган ҳисоботда қайд этилган.
Олти ой ичида Ўзбекистон жиноят ишлари бўйича судларида 49 705 кишининг ишлари кўриб чиқилган. Бу кўрсаткич 2025-йилнинг мос давридагига қараганда 11 197 тага кўп.
Ҳисоботда жиноят ишлари ижтимоий хавфлилик даражасига кўра тўрт турга ажратилган. Улар орасида энг кўп кўрилгани ижтимоий хавфи катта бўлмаган деб таснифланган ишлар бўлиб, уларнинг сони 22 066 тани ташкил этган. Ушбу турдаги жиноятлар улуши 2025-йилнинг мос давридагига нисбатан қарийб 50 фоизга ошган.
Ярим йилда судларда 11 428 та унча оғир бўлмаган жиноят ишлари кўрилган. Бу рақам бир йил олдингига нисбатан 12 фоиз юқори.
Судларда кўрилган оғир жиноятлар сони 13 795 тани ташкил этган — бу 2025-йилнинг мос давридагидан 18 фоизга кўп. Ўта оғир жиноятлар эса 2 416 та бўлиб, бир йил аввалги кўрсаткичдан 19 фоизга ошган.
Ярим йил давомида судларда энг кўп жиноят ишлари Тошкент шаҳрида қайд этилган — 6 639 та. Кейинги ўринларда Фарғона (6 159 та), Тошкент (5 498 та) ва Самарқанд (5 461 та) вилоятларида нисбатан юқори улуш қайд этилган. Энг кам кўрилган жиноят ишлари Сирдарё вилоятида кузатилган — 1 304 та.

