ОБР: Ўзбекистон рақамли молияни жамғармаларга айлантириши керак
Рақамли молия Ўзбекистонда хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирди, бироқ кейинги босқич аҳолига маблағ жамғариш ва хавф-хатарларни бошқаришда ёрдам бериши керак.

ОБР: Ўзбекистон рақамли молияни жамғармаларга айлантириши керак
Ўзбекистон навбатдаги қадамни қўйиши — аҳолининг рақамли молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини шунчаки кенгайтиришдан, улардан маблағ тўплаш, хавф-хатарларни бошқариш ва иқтисодий имкониятларни молиялаштириш учун фойдаланишга ўтиши лозим.
Экспертнинг баҳолашича, рақамли молиявий хизматлар аллақачон мамлакатнинг миллионлаб аҳолисига расмий молиявий тизимга киришга ёрдам берди. Эндиги вазифа — ушбу имконият уй хўжаликларининг жамғармалари ўсишига ва молиявий хавфсизлиги мустаҳкамланишига хизмат қилиши, шунингдек, кичик бизнес ривожланишини қўллаб-қувватлашидан иборат.
Бугунги кунда қишлоқ жойларда яшовчи аҳоли пул ўтказмаларини банк карталарига қабул қилиб олиши, тўловларни мобил телефон орқали амалга ошириши ва банк филиалига бормасдан пул ўтказиши мумкин. Кичик корхоналар эса, ўз навбатида, смартфонлар орқали тўловларни қабул қилиш имкониятига эга бўлди.
Бу, айниқса, молиявий хизматлар илгари асосан йирик шаҳарларда тўпланган мамлакат учун жуда муҳимдир.
Ўзбекистон аҳолининг расмий молиявий хизматлар билан қамраб олинишини сезиларли даражада кенгайтирди. 2025 йил бошида катта ёшли аҳолининг 59 фоизи банк ҳисобварағига эга эди, ваҳоланки 2021 йилда бу кўрсаткич 44 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, 72 фоиз аҳоли рақамли тўловлардан фойдаланишини маълум қилган.
Мобил банкинг орқали амалга оширилган операциялар ҳажми 2025 йилда 60 фоизга ўсиб, 646 триллион сўмга ёки 55 миллиард АҚШ долларига етди. Тўловлар учун QR-кодлар сони 139 мингтагача кўпайди. Шу билан бирга, нақд пул ечиб олувчи банк карталари эгаларининг улуши камайди, бу эса кундалик ҳисоб-китобларда рақамли тўловлардан кенгроқ фойдаланилаётганидан далолат беради.
Хучкаров ушбу ўзгаришларни тезкор ва контактсиз тўловлар, бирлаштирилган тўлов тизимлари, мижозларни масофадан туриб идентификация қилиш ва мобил сервисларга киритилган инвестициялар билан боғлайди.
Рақамлаштириш хусусий секторни ривожлантириш учун ҳам муҳим бўлиши мумкин. Экспертнинг сўзларига кўра, рақамли тўловларни қабул қилиш имконияти кичик компанияларга транзакциялар тарихини шакллантиришга, мижозларни осонроқ топишга ва бизнесни кенгайтириш учун молиялаштириш зарурлигини ишонарлироқ исботлашга ёрдам беради.
Бироқ, Хучкаров таъкидлаганидек, банк ҳисобварағини очиш — бу молиявий оммабопликнинг фақат биринчи босқичидир.
Рақамли ҳисоб-китоблар тез тарқалаётганига қарамай, маблағ тўплаш учун расмий молиявий воситалардан фойдаланиш чекланганлигича қолмоқда.
2025 йилда катта ёшли аҳолининг атиги 7,4 фоизи расмий молия муассасаси орқали пул жамғаришини маълум қилган. Яримга яқини жамғармаларини уйда нақд пул кўринишида сақлаган, 39 фоизи эса умуман маблағ жамғармаган.
Шу билан бирга, вазият аста-секин ўзгармоқда. Расмий жамғармаларга эга катта ёшли аҳоли улуши 2021 йилдаги 2,6 фоиздан ошди, жамғармаларнинг умумий ҳажми эса 20 триллион сўмдан 64 триллион сўмгача кўпайди.
«Рақамли тўловларнинг кенг тарқалиши ва расмий жамғарма воситаларидан чекланган даражада фойдаланиш ўртасида ҳали ҳам сезиларли фарқ мавжуд», — деб ёзади Хучкаров.
Унинг фикрича, молиявий ташкилотлар аҳолининг турли гуруҳлари даромадлари ва харажатлари хусусиятларига мос келадиган маҳсулотларни таклиф қилишлари керак. Улар қаторига арзон ҳисобварақлар, кичик ва мосланувчан депозитлар, автоматик жамғариш воситалари, шунингдек, комиссиялар ва шартлар ҳақидаги тушунарли маълумотлар кириши мумкин.
Мунтазам бўлмаган даромадга эга одамлар, жумладан, норасмий сектор ходимлари, фермерлар ва микротадбиркорлар учун мунтазам равишда кичик миқдордаги маблағларни четга суриб қўйиш ва зарурат туғилганда улардан тезкорлик билан фойдаланиш имконияти айниқса муҳим бўлиши мумкин.
Тадқиқот, шунингдек, молиявий оммабоплик, маълумот даражаси ва иқтисодий фаоллик ўртасидаги боғлиқликни ҳам кўрсатмоқда.
Ишлаётган катта ёшли аҳолининг 77 фоизи, олий маълумотли кишиларнинг эса 70 фоизи банк ҳисобварақларига эга бўлган. Ишсизлар учун бу кўрсаткич 42 фоизни, бошланғич маълумотга эга бўлганлар учун эса 50 фоизни ташкил этган.
Аёллар эркакларга қараганда расмий банк ҳисобварағига бироз кўпроқ эга бўлган — 54,5 фоизга қарши 61,9 фоиз.
Экспертнинг баҳолашича, эришилган ютуқлар муҳим аҳамиятга эга, бироқ рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятининг ўзигина аҳоли молиявий секторни янада рақамлаштириш афзалликларидан тўлиқ фойдалана олишига кафолат бермайди.
Рақамли хизматларнинг кенгайиши бир вақтнинг ўзида янги хавф-хатарларни келтириб чиқаради. Гап фирибгарлик, киберҳужумлар, шахсий маълумотлардан ноқонуний фойдаланиш, молиявий маҳсулотларнинг тушунарсиз шартлари ва виждонсизларча кредитлаш ҳақида бормоқда.
Шу боис, Хучкаров таъкидлаганидек, молиявий саводхонлик мактаб таълими, касбий тайёргарлик, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари ва бандлик соҳасидаги ташаббусларнинг бир қисмига айланиши керак.
Одамларга нафақат молиявий маҳсулотлар, балки уларнинг шартларини таққослаш, рақамли сервислардан хавфсиз фойдаланиш, фирибгарлик схемаларини аниқлаш, харажатларни режалаштириш ва кредитга хизмат кўрсатиш имкониятларини баҳолаш имконини берувчи билимлар ҳам зарур.
2020 йилдан буён Марказий банкнинг Finlit платформаси шундай тавсияларни тақдим этиб келмоқда. У бюджетлаштириш, жамғармалар, кредитлаш, рақамли тўловлар, молиявий хавфсизлик ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади. Платформа, шунингдек, мактаб клублари, университет курслари, аҳоли билан ишлаш ва ахборот кампаниялари орқали молиявий саводхонликни ошириш дастурларида иштирок этади.
Экспертнинг фикрича, рақамли молиявий сервисларга бўлган ишонч бундан кейинги ривожланишнинг энг муҳим шарти бўлиб қолмоқда. Маълумотларни ошкор қилишга қўйиладиган аниқ талаблар, шикоятларни тақдим этишнинг қулай механизмлари, самарали назорат ва масъулиятли кредитлаш бир вақтнинг ўзида истеъмолчиларни ҳимоя қилиши ва молиявий тизимга бўлган ишончни қўллаб-қувватлаши мумкин.
Хучкаров хориждан пул ўтказмаларини молиявий оммабопликни кенгайтиришнинг яна бир манбаси деб атайди.
Ўтказмаларни қабул қилиб олувчиларнинг 77 фоизи олинган маблағларнинг ҳеч бўлмаганда бир қисмини жамғаришини маълум қилган. Бу молиявий ташкилотлар учун уларга ихтиёрий жамғарма маҳсулотлари, суғурта, шунингдек, уй хўжаликлари ва кичик бизнесни молиялаштириш воситаларини таклиф қилиш имкониятини яратади.
Транзакциялар тўғрисидаги рақамли маълумотлар қўшимча имкониятлар очади. Улардан кредиторлар мижознинг қарзга хизмат кўрсатиш қобилиятини баҳолаш учун фойдаланишлари мумкин.
Кичик корхона учун рақамли тўловлар тарихи даромадларни тасдиқлашнинг осонроқ усулига айланиши мумкин. Мунтазам пул ўтказмалари эса, ўз навбатида, уй хўжаликларига молиявий тарихни шакллантиришга ёрдам беришга қодир.
«Истеъмолчиларни ҳимоя қилишнинг тегишли механизмлари мавжуд бўлган тақдирда, бундай маълумотлар гаровга эмас, балки кўпроқ мижознинг қарзга хизмат кўрсатиш қобилиятига асосланган кредитлашни рағбатлантириши мумкин», — деб таъкидлайди ОБР эксперти.
Ушбу ёндашув кенгроқ минтақавий хулосаларга мос келади. CAREC Institute томонидан яқинда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, рақамли молиявий хизматлар транзакция харажатларини камайтириш, молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва расмий иқтисодиётда иштирок этишни ошириш, жумладан, илгари молиявий хизматлар билан етарлича қамраб олинмаган гуруҳлар ўртасида молиявий оммабоплик ва инклюзив иқтисодий ўсишга хизмат қилиши мумкин.
Ўзбекистон тажрибаси, Хучкаровнинг фикрича, рақамли инфратузилма, бозор ислоҳотлари ва давлат сиёсатининг мувофиқлаштирилган ҳолда ривожланиши билан қандай натижаларга эришиш мумкинлигини кўрсатади.
Шу билан бирга, молиявий оммабопликни фақат очилган ҳисобварақлар ёки амалга оширилган тўловлар сони бўйича баҳолаш етарли эмас.
«Ислоҳотларнинг биринчи авлоди молиявий тизимга кўпроқ одамларни улади. Навбатдаги босқич уларга ушбу алоқадан жамғармаларни шакллантириш, иқтисодий ларзалардан ҳимояланиш ва янги имкониятлар яратиш учун фойдаланишга ёрдам бериши керак», — деб ёзади эксперт.

