Ободонлаштириш бир марталик ҳашар ёки байрамолди тадбири бўлиб қолмаслиги керак — Шавкат Мирзиёев
Нуронийларнинг тажрибаси, ёшларнинг ғайрати ва аҳоли ташаббускорлигини бирлаштириш орқали ҳар бир маҳаллада обод ва фаровон

Ободонлаштириш бир марталик ҳашар ёки байрамолди тадбири бўлиб қолмаслиги керак — Шавкат Мирзиёев
Қорақалпоғистонда 1 миллион 100 минг ёш бор, уларнинг 505 минг нафари 14-30 ёш оралиғида. Президент Шавкат Мирзиёев бу улкан салоҳият эканини, ёшларга тўғри йўналиш бериш муҳимлигини таъкидлади.
Бир йил ичида 1 минг, кейинги икки йил давомида яна 5 минг ёшни ахборот технологиялари ва логистика соҳасида юқори даромадли иш билан таъминлаш вазифаси белгиланди.
Ҳудудда хорижий тил сертификатига эга 98 минг, ахборот технологиялари бўйича 127 минг, аниқ фанлар бўйича сертификат олган 5,5 минг ёш бор. Уларнинг 10 минг нафари чет тили ва ахборот технологияларини мукаммал билади.
Кореядаги ватандошимизнинг олис ҳудудлардаги ёшларга ахборот технологияларини ўргатиб, уларни юқори даромадли қилиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Йил охиригача шундай камида 10 нафар иқтидорли ватандошни Қорақалпоғистонга жалб этиб, лойиҳаларни бошлаш топширилди.
Президент Нукус шаҳридаги 1-сон техникумда йўлга қўйилган касбий таълим тажрибасини кенгайтириш зарурлигини қайд этди.
Техникумда «Пеарсон БТЕС» халқаро таълим дастури жорий этилган бўлиб, битирувчиларга 70 та давлат тан оладиган касб сертификати берилади.
Тадбиркор Саловутдин Илёсов бу ерда 37 турдаги кичик асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, ёшларга ускунасозликни ҳам ўргатмоқда. Ушбу ускуналарни олган 4 минг ишсиз даромад топишни бошлаган.
Янги йилдан Амударё, Беруний, Чимбой ва Қўнғиротдаги биттадан техникумда ҳам шу тажриба жорий қилинади.
1 октябрдан асбоб-ускуналар учун бериладиган ссуда миқдори 20 миллион сўмдан 50 миллион сўмга оширилади.
«Уста-шогирд» анъанаси асосида касб ўрганиш харажатларини қоплаш бўйича ёш чегараси 30 ёшдан 40 ёшга кўтарилади.
Қорақалпоғистонда мактабгача таълим қамрови 84 фоизга етган. Бироқ Амударё, Бўзатов, Тахиатош, Тўрткўл, Чимбой, Хўжайли ва Элликқалъада бу кўрсаткич ҳануз паст экани қайд этилди.
Энди Қорақалпоғистонда хусусий боғча очадиган тадбиркорларга 15 йил муддатга, 5 йиллик имтиёзли давр билан 7 фоизли кредит берилади.
Қолган вилоятларда кредит ставкаси марказдан узоқ-яқинлигига қараб, 7 фоиздан 15 фоизгача бўлади.
Қорақалпоғистонда юқори технологик тиббий хизматлар кўлами ҳам кенгаймоқда.
Нукусдаги марказий шифохонада жигар ва буйрак трансплантацияси амалга оширилмоқда. Оролбўйи болалар шифохонасида 150 турдаги юқори технологик тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Шу йил бош мия, юрак ва пластик жарроҳлик каби мураккаб йўналишларда 1,5 мингта операция ўтказилди.
Ҳудудда тиббий суғурта механизми жорий этилди. Тиббиёт муассасаларига 10 миллион долларлик жиҳозлар олиб берилди.
Ўзбекистонда биринчи марта хусусий шериклик асосида ташкил қилинган Нукус тиббиёт илмий академияси соҳа ходимлари билимини баҳолаш ва малакасини оширишда методик марказ бўлади. Тиббиёт академияси, Болалар клиникаси, Онкология маркази ҳамда янги ташкил этиладиган кўп тармоқли шифохонани яхлит тизимга бирлаштириб, Университет тиббий кластери ташкил қилинади.
Мўйноққа келиб ишлаётган шифокорларга тўланаётган 200 фоизгача ойлик устама 1 январдан Бўзатов ва Тахтакўпирда ҳам жорий этилади.
Йиғилишда кўча ва маҳалла бийлари, нуронийларнинг жамиятдаги юксак обрў-эътиборидан самарали фойдаланиш масаласига эътибор қаратилди.
Асосий мақсад ҳар бир шаҳар ва овулда қулай турмуш шароитини яратиш, деди Давлат раҳбари. Нуронийларнинг тажрибаси, ёшларнинг ғайрати ва аҳоли ташаббускорлигини бирлаштириш орқали ҳар бир маҳаллада обод ва фаровон муҳит яратиш мумкин.
Раҳбарлар маҳалла ва кўча бийлари билан ишни эрта тонгдан ҳудудларни айланиш, аҳоли билан мулоқотдан бошлаши зарурлиги қайд этилди.
Кўчалар, ариқ ва зовурларни тоза тутиш, дарахт ва гулларни кўпайтириш, ҳар бир инсонда ўз маҳалласи тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш муҳим.
Ободонлаштириш бир марталик ҳашар ёки байрам олдидан ўтказиладиган тадбир бўлиб қолмаслиги, тозалик ва ободлик кундалик маданиятга айланиши зарурлиги қайд этилди.

