Дунё

ОАВ: Полша «УИА йили» можароси сабаб Украинага йирик қурол пакетини тўхтатди

Полша Украинага йирик ҳарбий ёрдам пакетини жўнатишни вақтинча тўхтатгани хабар қилинди. Украина ОАВ манбалари буни Лвив вилояти кенгашининг 2027-йилни Украина исёнчилар армияси - УИА йили деб эълон қилиш қарори билан боғламоқда. Полша ТИВ эса Киев баҳсли қарор кучга кирмаслигини ваъда қилганини билдирди.

ОАВ: Полша «УИА йили» можароси туфайли Украинага йирик қурол етказиб беришни тўхтатди

«РБК-Украина» ва «Украинская правда» 21-октабр куни ўз манбаларига таяниб ёзишича, Лвив вилояти кенгашининг қарори Полша катта қурол пакетини юборишга тайёрланаётган вақтда қабул қилинган.

Кенгаш 2027-йилни УИА, унинг қўмондони Роман Шухевич ва Украина миллатчилари ташкилоти вакили Олег Олжичга бағишлашни маъқуллаган.

«РБК-Украина» суҳбатдошининг айтишича, айнан шу қарордан кейин ҳарбий ёрдам пакетининг етказиб берилиши тўхтатилган. Муаммони бартараф этиш учун ёпиқ дипломатик каналлар орқали музокаралар олиб борилмоқда. Хабарларда муайян йирик қурол пакети ҳақида сўз бормоқда.

Полша ташқи ишлар вазири ўринбосари Марчин Босацкий Полсат Невс телеканалига берган интервюсида Киев билан баҳсли қарор кучга кирмаслиги юзасидан келишувга эришилганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Варшава аралашувидан сўнг «УИА йили» ҳақидаги резолюция Лвив вилояти кенгаши сайтида олиб ташланган.

«Биз Украина ҳукуматига ишонамиз ва бу ваъдалар бажарилишини кутамиз», - деган Босацкий.

УИАга муносабат Полша ва Украина ўртасидаги тарихий келишмовчиликлардан бири ҳисобланади. Полшада бу ташкилот Иккинчи жаҳон уруши даврида Волинда полякларнинг оммавий ўлдирилишида айбдор деб қаралади.

ДВ эслатишича, май охирида Володимир Зеленскийнинг Украина Қуролли кучлари бўлинмаларидан бирига «УИА қаҳрамонлари» фахрий номини бериши ҳам Полшада кескин танқидга сабаб бўлган.

Июн ойида Полша президенти Карол Навроцкий Зеленскийни мамлакатнинг энг олий давлат мукофоти — Оқ бургут орденидан маҳрум қилган. Шундан сўнг бир қатор украиналик расмийлар ва собиқ президентлар Полша давлат мукофотларидан воз кечган.

11-июл куни Волин фожиаси қурбонлари хотираси ёд этилганда, Полша бош вазири Доналд Туск «хотира нафратга хизмат қилмаслиги керак»лигини айтган. Мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш ҳам ярашув муҳимлигини таъкидлаган.

17-июлда эса Зеленский Волин воқеаларига оид Украина махсус хизматлари архивларини очиш тўғрисида қарор қабул қилинганини маълум қилган эди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.