Россия дрони Украина–Полша чегараси яқинига яна зарба берди
Россиянинг реактив дрони 28-сентабр куни кечқурун «Дорохуск - Ягодин» чегара ўтказиш пунктидан тахминан икки километр узоқликдаги Украина ҳудудига зарба берди. Шундан сўнг Полша ҳарбий авиацияни ҳавога кўтарди ва ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини юқори шайлик ҳолатига келтирди. Полша ҳаво ҳудуди бузилмаган.

Россия дрони Украина–Полша чегараси яқинига яна зарба берди
ДВ хабар беришича, Полша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш ҳужум Украина ғарбида юз берганини билдирган. Кейинроқ хавф сигнали бекор қилинган, самолётлар базага қайтган, ҳаво мудофааси тизимлари эса кузатув ва кутиш режимига ўтган.
Полша аеронавигация хизмати агентлиги — ПАНСА маълумотига кўра, ҳарбий авиациянинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида мамлакат шарқидаги Люблин ва Жешув аеропортлари фаолияти тахминан 40 дақиқага тўхтатилган.
Волин вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Роман Романюк Шаҳед дрони ҳужуми натижасида портлаш тўлқини терминалга киришдаги назорат-ўтказиш пункти биносига зарар етказганини маълум қилган.
Унинг айтишича, жабрланганлар ёки ҳалок бўлганлар ҳақида хабар келмаган.
Шу билан бирга, Украина Давлат чегара хизмати вакили Андрей Демченко ДВъга берган изоҳида Полша билан чегарадаги ўтказиш пункти шикастланмаганини айтган.
Россия дронлари сентабр ойида ҳам Полшага чегарадош Украина ҳудудларига зарба берган эди. Хусусан, 13-сентабр куни бир дрон чегара яқинидаги ёқилғи қуйиш шохобчасига, бошқаси эса Ягодин стансиясидаги Киев - Варшава йўловчи поезди локомотивига урилган.
17-сентабр куни ҳам яна бир зарба қайд этилган. Полша бош вазири Доналд Туск ўшанда, эҳтимол, ёнилғи қуйиш шохобчаси яна ҳужумга учраганини айтган.
28-сентабрдаги ҳужумдан бир неча соат олдин Полша мудофаа вазири ўринбосари Сезарий Томчик мамлакат ҳаво ҳудудида хорижий учиш аппаратлари кутилмаганда пайдо бўлган тақдирда ҳаракат қилиш тартиби ўзгартирилишини маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, бундай нишонга ўт очиш учун уни кўз билан кўриб аниқлаш шартидан воз кечиш режалаштирилмоқда. Бунинг ўрнига нишон хусусиятини етарлича юқори ишонч билан аниқлаш имконини берадиган маълумотлар мажмуасига таяниш таклиф этилмоқда.

