«Ўзи айбдор». Гендер стереотиплари адлия тизимига қандай кириб бормоқда
Оилавий зўравонлик иши бўйича суд жабрланувчи ўз «ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги билан жиноят содир этилишига замин яратган» деб кўрсатди. «Газета» учун ёзилган рукнда Ирина Матвиенко ушбу таъриф нима учун виктимблеймингга (жабрланувчини айблашга) замин яратиши ва гендер жиҳатларини ҳисобга олувчи одил судлов тамойилларига зид эканлигини тушунтиради.

«Ўзи айбдор». Гендер стереотиплар адлия тизимига қандай кириб бормоқда
«Жабрланувчининг ўз ҳаракат ёки ҳаракатсизлиги мазкур жиноятни келиб чиқишига замин яратганлигини», — Ургут тумани суди судьяси Г. Негматов оилавий зўравонликка оид жиноят иши бўйича чиқарилган қарорга ана шундай жумлани киритди.
Гендер эксперти ва Ўзбекистонда зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенконинг ҳисоблашича, бундай ифода виктимблеймингни — зўравонлик учун жавобгарликни жабрланувчининг ўзига юклашни кучайтириши мумкин. У «Газета» учун ёзган мақоласида суд қарорининг тили гендер стереотипларни қайта ишлаб чиқишга ва давлатнинг зўравонликни қандай тасвирлашига таъсир қилишга қодирлигини таъкидлайди.
Иш материалларига кўра, 2023 йилда Асал (исми ўзгартирилган) ва Шертой Боймуродов никоҳдан ўтишган. Эр вақти-вақти билан Россияга ишлашга кетган, Асал эса туман шифохонасига ҳамшира бўлиб ишга кирган. 2025 йил июль ойида қайнотаси уни шаҳар марказидаги дўконда қайсидир эркак билан кўрганини айтиб, хиёнатда айблаган ва бу ҳақда ўғлига хабар берган, шундан сўнг Асални уйдан ҳайдаб юборишган.
Аёл туҳматдан карахт аҳволга тушиб, эрига қўнғироқ қилган ва қайтиб келишини сўраган. Аммо у йўлкирага пули йўқлигини айтган, шундан сўнг аёл у келганида ажрашишга қарор қилган. У кутаётган вақтда Асалга бошқа бир эркакдан совчи келган ва ота-онасининг розилиги билан 2025 йил октябрь ойида улар диний маросим (никаҳ) ўтказишган.
2025 йил 10 ноябрь куни Асал отаси билан бирга никоҳни бекор қилиш учун ФҲДЁ бўлимига келган. У ерга эри ҳам отаси билан келган. Боймуродов ўз кўрсатмасида Асални кўргач, хотинининг айби билан Россияда бошидан кечирганлари ёдига тушганини, унга яқинлашиб, юзига оёғи билан тепганини айтган. Уларни оталари ажратиб олган. Судда айбланувчи пушаймонлигини ва хотинини яхши кўришини айтган. У хотинининг исботланмаган эҳтимолий хиёнатидан, шунингдек, энди у бошқаси билан эканлигидан ғазабга келганини билдирган.
Шундай қилиб, шунчаки хиёнатдаги айблов аёлни уйдан ҳайдаб юборишга, кейин эса жисмоний зўравонликни оқлашга сабаб бўлган.
Бундай позициянинг суд қарорида акс этиши айниқса хавотирлидир, унда «жабрланувчининг ўз ҳаракат ёки ҳаракатсизлиги мазкур жиноятни келиб чиқишига замин яратганлигини» деб ёзилган. Минглаб суд қарорларини ўрганиб чиқиб, жабрланувчи эркак бўлганида ёки хотини эри билан унинг хиёнатлари туфайли низолашганида, қарорнинг асослантирувчи қисмида бундай ифодани ҳеч қачон учратмаганман.
Суднинг «жабрланувчининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) жиноят содир этилишига замин яратди» деган жумласи гендер тенглик ва аёлларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятлари бўйича халқаро стандартлар нуқтаи назаридан саволлар туғдиради.
Конвенциянинг 2(d)-моддаси давлатлардан давлат органлари томонидан аёлларга нисбатан ҳар қандай камситиш ҳаракатлари ёки амалиётларидан тийилишни талаб қилади, 5(a)-моддаси эса бир жинснинг иккинчисидан пастлиги ёки устунлиги ғоясига ҳамда эркаклар ва аёлларнинг стереотиплаштирилган ролларига асосланган ижтимоий ва маданий хулқ-атвор моделларини ўзгартириш чораларини кўришни талаб қилади.
CEDAW Қўмитаси Ўзбекистоннинг олтинчи даврий маърузаси бўйича якуний мулоҳазаларида суд тизимидаги гендер нохолислигини ва барқарор гендер стереотипларини бартараф этиш учун судьяларни ўқитишни ва хабардорликни оширишни тавсия этган эди.
2022 йилда қўлланма янгиланди ва Жанубий ҳамда Жануби-Шарқий Осиё учун кенгайтирилди. Бу судьялар учун тавсиявий амалий восита бўлиб, унда гендер ёндашуви суд ишида қандай қўлланилиши мумкинлиги аниқлаштирилган.
Қўлланма судьяларга муайян ишда тенг бўлмаган ҳокимият муносабатлари ёки жинс ёхуд гендер белгиси бўйича тенг бўлмаган муносабат мавжудлигини ҳисобга олишни ҳамда ишларни кўриш ва ҳал қилишда гендер стереотипларидан фойдаланишдан қочишни тавсия қилади.
Судьялар фарқлай олиши керак бўлган стереотиплар қаторида, масалан, қуйидагилар келтирилган: «эркак оила бошлиғи ҳисобланади ва оилавий қарорларни қабул қилиши керак», «аёл эса итоаткор ва бўйсунувчи бўлиши керак».
Қўлланмада алоҳида тарзда зўравонликдан жабрланганларнинг ревиктимизациясига (қайта жабрланишига) йўл қўймаслик ҳамда суд муҳокамалари, қарорлари ва бошқа суд ҳужжатларида инклюзив ва гендер жиҳатдан сезгир тилдан фойдаланиш тавсия этилади. Жинсий ва гендер зўравонлигига оид ишларда у судьяларни суд қарорларини тайёрлашда алоҳида эътиборли бўлишга чақиради.
Халқаро стандартлар судга иш ҳолатларини ҳисобга олишни тақиқламайди. Улар аёлнинг шахсий ҳаётини, унинг қарорларини ёки хотин роли ҳақидаги анъанавий тасаввурларга мос келмаслигини унга нисбатан содир этилган зўравонликнинг тушунтириши ёки оқловига айлантирмасликни талаб қилади. Суд айбланувчининг айрим ҳолатлар туфайли ғазабланганини аниқлаган тақдирда ҳам, бундан жабрланувчи ўз ҳаракатлари билан ўзига нисбатан зўравонлик содир этилишига «замин яратган» деган хулоса чиқмаслиги керак. Бу низонинг контекстини тасвирлаши мумкин, аммо зўравонлик хулқ-атворининг гендер бўёқдор тушунтириши ёки оқловига айланмаслиги лозим.
Одил судловдаги гендер камситиш нафақат жазо призмаси орқали баҳоланади. Суднинг далиллари, далилларга берган баҳоси ва суд жабрланувчи ҳамда содир бўлган воқеани тасвирлашда фойдаланадиган тил ҳам жуда муҳимдир.
CEDAW Қўмитаси стереотиплаштириш қонуннинг нотўғри қўлланилишига олиб келиши ва айбдорларни жавобгарликка тортишга тўсқинлик қилиши мумкинлигини таъкидлайди. Бангкок қўлланмаси эса, ўз навбатида, суд қарорлари тилини гендер жиҳатдан сезгир одил судловни амалга оширишнинг бир қисми сифатида кўриб чиқади ва гендер стереотиплари ҳамда ревиктимизациядан қочишни тавсия қилади. Шунинг учун, айбланувчи қонун доирасида жазо олган бўлса ҳам, бу қарорнинг асослантирувчи қисми одил судловга гендер жиҳатдан сезгир ёндашувни акс эттиришини англатмайди.
2026 йил 9 январь куни жиноят ишлари бўйича Ургут тумани суди судьяси Г. Негматов Шертой Боймуродовни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 126−1-моддаси 3-қисмида (оилавий (маиший) зўравонлик) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди ва унга икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади. Шу билан бирга, қарорда жабрланувчининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги жиноят содир этилишига «замин яратганлиги» ҳам қайд этилган.
Бунинг оқибатида виктимблейминг — зўравонлик учун жавобгарликни ундан жабр кўрган аёлга ўтказиш юзага келиши мумкин. Виктимблейминг нафақат «ўзи айбдор» жумласида, балки давлат институтлари зўравонликни тасвирлайдиган тилда ҳам намоён бўлиши мумкин. Бу аёлга нисбатан содир этилган жиноят унинг хулқ-атвори, турмуш тарзи ёки аёл киши ўзини қандай тутиши «кераклиги» ҳақидаги кимнингдир тасаввурларига мос келмаслиги билан тушунтирилганда содир бўлади.
Судья иш ҳолатларини баҳолайди ва давлат номидан қарор чиқаради. Шу сабабли, судьянинг жабрланувчининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги жиноятга «замин яратганлиги» ҳақидаги ифодаси давлат даражасида аёл ўзига нисбатан содир этилган зўравонлик учун маълум даражада жавобгардир деган тасаввурни мустаҳкамлаши мумкин. Бироқ, адлия тизимида ишлайдиган ҳар бир киши ёдда тутиши муҳим: зўравонлик учун жавобгарлик уни содир этган шахс зиммасидадир.
Аёл кимгадир ёқмайдиган қарорлар қабул қилиши, кимнингдир «тўғри» ҳақидаги тасаввурларини бузиши, муносабатларни тугатиши ёки янгисини бошлаши мумкин — буларнинг ҳеч бири зўравонлик учун оқлов бўла олмайди. Суд қарори содир этилган жиноят учун жавобгарликни белгилаши керак, жабрланувчининг ўзи зўравонликка «замин яратган» деган стереотипни қайта ишлаб чиқмаслиги лозим.

