Тошкентда хотинини калтаклашда гумонланган спорт устасига жиноят иши қўзғатилди

Тошкентда рафиқасини мунтазам калтаклаганликда гумонланаётган спорт устасига нисбатан жиноий иш очилди. Бу ҳақда “Nemolchi.uz” лойиҳаси пойтахт ИИББ матбуот хизматига таяниб хабар берди.
Жабрланувчи аёлнинг сўзларига кўра, юнон-рум кураши бўйича мураббий ва спорт устаси бўлган эри уни доимий равишда калтаклаб келган. Шунингдек, эркак оилани моддий таъминламагани сабабли, аёл икки нафар кичик ёшли фарзанди, жумладан, бир ёшли боласи билан яшаш учун мунтазам равишда кредит олишга мажбур бўлган.
Инстаграмъдаги пост остида мураббийнинг дўстлари, ака-ука ва опалари унинг бундай одам эмаслигини ёзишган.
“Улар лойиҳамизни туҳматда айблаб, жабрланувчига мағзава ағдаришди ва ўз дўстларини ҳар қандай йўл билан оқлашга уринишди. Жабрланувчининг таъкидлашича, унга тажовузкорнинг дўстлари қўнғироқ қилиб, аризасини қайтариб олиши учун босим ўтказишмоқда”, дейилади “Nemolchi.uz” хабарида.
Қайд этилишича, ҳозирда жабрланувчи аёлга ҳимоя ордери берилган ва суд-тиббий экспертизаси ўтказилган.
Гумонланаётган эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 3-қисми (оилавий (маиший) зўравонлик) бўйича жиноят иши қўзғатилган бўлиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

