Ўзбекистонлик тадбиркорлар Сербияда аграр лойиҳаларни йўлга қўяди

Ўзбекистонлик тадбиркорлар Сербияда аграр лойиҳаларни амалга оширади
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Сербия Қишлоқ, ўрмон ва сув хўжалиги вазири Драган Гламочич билан учрашув ўтказди.
Суҳбат давомида томонлар ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Сербия ҳудудида чорвачилик, боғдорчилик ва уруғчилик соҳаларидаги қўшма лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Музокараларда наслли чорвачиликни ривожлантириш, замонавий чорвачилик комплексларини ташкил этиш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ем-хашак базасини кенгайтириш ҳамда илғор ветеринария технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, интенсив боғлар барпо этиш, юқори ҳосилли уруғ навларини етиштириш ва кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув иштирокчилари, шунингдек, маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, қўшилган қиймат занжирини шакллантириш ҳамда уларни ички ва ташқи бозорларга етказиб бериш истиқболларига тўхталиб ўтдилар.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Сербияда ўзбекистонлик инвесторлар фаолияти учун қулай шароитлар яратиш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва агротехнологиялар алмашинувининг аҳамиятини таъкидладилар.
Якунда ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Сербиядаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва икки мамлакат ўртасидаги аграр шерикликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.
, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун ушбу республика раҳбари Александр Вучичнинг таклифига биноан расмий ташриф билан Сербияга жўнаб кетди.

