Ўзбекистон Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилишга тайёрланмоқда
Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Белградда Қўшилмаслик ҳаракатининг 65 йиллигига бағишланган учрашувда иштирок этди.

Ўзбекистон Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилишга тайёргарлик кўрмоқда
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Қўшилмаслик ҳаракати ташкил этилганининг 65 йиллигига бағишланган юқори даражадаги Хотира учрашувида иштирок этди. Тадбир 31 август — 1 сентябрь кунлари Белградда бўлиб ўтди.
Учрашувда 30 дан ортиқ хорижий давлатларнинг юқори мартабали вакиллари иштирок этди. Улар орасида президентлар ва ҳукумат раҳбарлари, парламент раислари, бош вазир ўринбосарлари ва вазирлар бошчилигидаги делегациялар бор эди.
Тадбирни очар экан, Сербия президенти Белграднинг 1961 йилда Қўшилмаслик ҳаракатининг биринчи конференцияси ўтказилган жой сифатидаги тарихий аҳамиятини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳаракатнинг асосий тамойиллари бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўз нутқида Қўшилмаслик ҳаракатининг замонавий халқаро муносабатлардаги ролини қайд этди, шунингдек, Ўзбекистоннинг 2027–2030 йилларда ушбу ташкилотга раислик қилиши арафасидаги устувор йўналишларни белгилаб берди.
Асосий йўналишлар қаторида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро майдонларда илгари сурган ташаббуслари алоҳида қайд этилди. Улар тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, иқлим ўзгариши соҳасидаги ҳамкорлик ва ёшлар билан ишлаш масалаларига дахлдордир.
Учрашув доирасида Сербия Президенти Александр Вучичнинг Ўзбекистон делегацияси билан музокаралари бўлиб ўтди.
Томонлар икки давлат президентлари томонидан қўллаб-қувватланаётган фаол сиёсий мулоқот асосида кўп қиррали Ўзбекистон-Сербия муносабатлари жадал рижволанаётганини таъкидладилар.
Парламентлараро алоқаларни янада кенгайтириш, шунингдек, иқтисодиёт, инвестициялар ва савдо соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон вакиллари Сербия Республикаси Халқ скупшчинаси Спикери ўринбосари Марина Рагуш ва бошқа хорижий делегациялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказдилар.

