Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари учун қўшимча тўловлар жорий этилади — 5,5 млн сўмгача
Ўзбекистон Президенти тиббиёт ходимлари учун янги устамаларни эълон қилди. Олий маълумотли ҳамширалар учун 1,5 млн дан 2,5 млн сўмгача, оилавий тиббиёт бўйича тор мутахассисларга эса 5,5 млн сўм миқдорида тўловлар назарда тутилган. Шунга оид шифокорларни тайёрлаш тизими ҳам ўзгаради.

Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари учун 5,5 млн сўмгача қўшимча тўловлар жорий этиш режалаштирилмоқда
Ўзбекистонда шифокорларни тайёрлаш тизими ўзгартирилади ва тиббиёт ходимлари учун янги устамалар жорий этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувда маълум қилди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Давлат раҳбари бугунги кунда 11 та давлат олий таълим муассасасида ҳар йили 15 минг нафар шифокор тайёрланаётганини таъкидлади. Бироқ ҳамма битирувчилар ҳам ишга жойлашганидан сўнг дарҳол беморлар билан мустақил ишлаш учун етарли амалий кўникмаларга эга эмас.
«Қанчалик замонавий клиникалар қурмайлик, энг сўнгги ускуналарни харид қилмайлик, малакали кадрларсиз натижа бўлмайди», — дея таъкидлади президент.
Унинг сўзларига кўра, бўлажак тиббиёт ходимларини тайёрлаш сифати беморлар хавфсизлигига бевосита таъсир қилади.
«Бошқа соҳада ёш ходим хатога йўл қўйиши мумкин, аммо бўлажак шифокорнинг бунга ҳаққи йўқ. Чунки тиббиёт ходимининг ҳар бир ҳаракати ортида инсон ҳаёти туради», — деди Шавкат Мирзиёев.
Шу муносабат билан тиббиёт кадрларини тайёрлашни клиник амалиёт билан янада жипслаштириш назарда тутилган.
2027 йилдан бошлаб тиббиёт олийгоҳлари талабалари ҳафтасига уч кун беморлар билан ишлашни ўрганадилар. Ўқишнинг охирги йилида битирувчилар бевосита тиббиёт муассасаларида тўлақонли амалиёт ўтайдилар.
Президент, шунингдек, тиббиёт ходимларининг алоҳида тоифалари учун қўшимча тўловлар ҳақида эълон қилди.
Илграри сурилган режаларга кўра, қуйидаги устамалар кўзда тутилган:
Хабарда устамалар қайси пайтдан эътиборан амал қилишни бошлаши ва уларни олиш учун қандай қўшимча шартлар назарда тутилганига аниқлик киритилмаган.
Президент 2027 йилдан олий таълим муассасаларида тор тиббий мутахассисликлар бўйича резидентурада ўқиш бепул бўлишини маълум қилди. Талабаларга 3 млн сўм миқдорида стипендия тўланади.
Йўналишга қараб резидентурада ўқиш икки йилдан беш йилгача давом этади. Оилавий тиббиёт бўйича тайёргарлик икки йил, хирургия бўйича — беш йил вақтни олади. Тиббиёт олийгоҳлари ҳузурида клиникаларни олийгоҳларга бириктиришни назарда тутувчи «университет клиникалари» тизими аллақачон жорий этилмоқда.
Президент тиббиёт соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг 80 фоизи университет клиникаларида ўтказилиши кераклигини кўрсатиб ўтди. Тадқиқотларда асосий эътибор ташхис аниқлигини, даволаш самарадорлигини ошириш ва асоратлар сонини камайтиришга қаратилади.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, «Янги Ўзбекистоннинг тиббиёт стандартлари» жорий этилишини эълон қилди. Улар тиббий таълим, муассасаларни қуриш ва жиҳозлаш, санитария-гигиена талаблари, беморлар хавфсизлиги ва хизмат кўрсатиш маданиятини қамраб олади.
«Ҳар бир инсон поликлиникага келганида, энг аввало, озодалик, тартиб ва хизмат кўрсатиш маданиятини кўриши керак», — деди президент.
Иш шароитларини яхшилаш учун соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини ходимлари босқичма-босқич ва бепул махсус кийим-бош билан таъминланади.
Бундан ташқари, тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш чораларини кенгайтириш режалаштирилмоқда.
2026 йилда илк бор туман даражасидаги энг яхши шифокор ва энг яхши ҳамшира унвонлари учун вилоят танловлари ўтказилади. Ғолиблар 30 млн сўмдан олишади. 2027 йилда танловнинг вилоят босқичида ғолиб чиққан 14 нафар шифокор электромобиллар билан мукофотланади. Соғлом турмуш тарзини оммалаштириш бўйича энг яхши ўнта лойиҳа муаллифларига 200 млн сўмдан грантлар ажратилади.
Учрашувда президент, шунингдек, Абу Али ибн Сино номидаги махсус давлат мукофотини таъсис этишни таклиф қилди.
У билан аҳоли соғлиғини сақлаш, илмий ишланмалар ва замонавий даволаш усулларини жорий этишда алоҳида хизмат кўрсатган тиббиёт ходимларини тақдирлаш режалаштирилмоқда.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида 800 мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда.
Президент яқинда соҳа вакилларини давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонни имзолаганини маълум қилди. Мукофотланганлар орасида шифокорлар, тадбиркорлар ва хорижий ҳамкорлар бор. Учрашув давомида Шавкат Мирзиёев уларга давлат мукофотларини топширди.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида президентга тиббиёт ва фармацевтика таълимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тақдим этилган эди.
Хусусан, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб «Даволаш иши» йўналишидан «Умумий тиббиёт» олатидаги олти йиллик бакалавриат дастурига ўтиш таклиф қилинди. Беш йиллик ўқишдан сўнг талабалар бир йиллик амалий тайёргарликдан ўтишлари керак бўлади.
Шунингдек, тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг таълими, малакаси ва касбий фаолияти тўғрисидаги маълумотларни умумлаштирувчи ягона электрон реестрини яратиш режалаштирилмоқда.
Мутахассисларни давлат рўйхатидан ўтказишни 2027 йилдан ихтиёрий ва 2030 йилдан мажбурий қилиш таклиф этилди.

