Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари учун давлат мукофоти таъсис этилади

Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари учун давлат мукофоти таъсис этилади
Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари учун давлат мукофотини таъсис этишни таклиф қилди. У Ибн Сино номи билан аталади.
Давлат раҳбари ушбу ташаббус билан тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан ўтказилган учрашувда чиқди. Мукофотни инсонлар саломатлиги ҳақида қайғураётган ҳамда илғор илмий ишланмалар ва даволаш усулларини жорий этаётганларга топшириш режалаштирилмоқда.
Давлат раҳбари йиғилганларни яқинлашиб келаётган касб байрами билан табриклади ва меҳнатлари учун миннатдорлик билдирди. У тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги ўзгаришларда 800 мингдан ортиқ ходимнинг муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлади.
Яқинда соҳа ходимларидан бир гуруҳини давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида фармон имзоланган эди. Улар орасида нафақат шифокорлар, балки тадбиркорлар ва хорижий ҳамкорлар ҳам бор. Учрашувда президент уларга мукофотларни тантанали равишда топширди.
Шунингдек, Ўзбекистонда 2026–2036 йилларда тиббиёт инфратузилмасини ривожлантиришнинг ягона мастер-режаси ишлаб чиқилиши маълум бўлди. Президент уни тайёрлаш ва соғлиқни сақлашда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича тақдимот билан танишди.

