Маҳаллий

Ўзбекистонда Покистон билан ҳамкорликда янги клиника очилиши мумкин

Покистоннинг Марооф Интернатионал Ҳоспитал клиникаси ҳамкорлигида Ўзбекистонда замонавий диагностика маркази ёки ихтисослаштирилган тиббий клиника ташкил этиш муҳокама қилинди. Покистон томони Бухорода ишлаб чиқарилаётган коронар стентларни ўз бозорига олиб киришга ҳам қизиқиш билдирди.

Ўзбекистонда Покистон билан ҳамкорликда янги клиника очилиши эҳтимоли бор

Бу масалалар Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев ва Марооф Интернатионал Ҳоспитал раҳбари Носир Аҳмаднинг Исломободдаги учрашувида муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида соғлиқни сақлаш, тиббий таълим ҳамда тиббий туризм йўналишларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Покистон томони Ўзбекистонда диагностика ва ихтисослаштирилган тиббий хизматлар бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирганини маълум қилди.

Ҳамкорликнинг илк босқичида Ўзбекистондаги тиббиёт техникумлари билан биргаликда 3–6 ойлик қисқа муддатли ўқув дастурларини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Бу дастурлар ҳамширалар, лаборатория мутахассислари ва шошилинч тиббий ёрдам ходимларини замонавий усуллар асосида тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга йўналтирилади.

Шунингдек, малакали мутахассислар иштирокида онлайн дарслар, маҳорат дарслари ва амалий тренинглар ташкил этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Талабалар учун қисқа муддатли амалиёт дастурларини йўлга қўйиш ва тажриба алмашиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Тиббий технологиялар ва фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Бухоро вилоятида Жанубий Корея технологиялари асосида ишлаб чиқарилаётган коронар стентларга алоҳида эътибор қаратилди. Носир Аҳмад ушбу маҳсулотларни Покистон бозорига экспорт қилишга қизиқиш билдирди.

Томонлар тиббий туризмни ривожлантиришга доир таклифларни ҳам қўллаб-қувватлади. Хусусан, Покистон фуқаролари учун Ўзбекистонда диагностика, даволаниш ва соғломлаштириш хизматларини туризм дастурлари билан уйғунлаштириш масаласи муҳокама қилинди.

Ўз навбатида, Марооф Интернатионал Ҳоспитал клиникаларида ўзбекистонлик беморларга тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш таклифи илгари сурилди.

2009-йилда ташкил этилган Марооф Интернатионал Ҳоспитал — 220 ўринли кўп тармоқли хусусий тиббиёт муассасаси. Унда кардиохирургия, болалар кардиохирургияси, нейрохирургия, минимал инвазив жарроҳлик, гинекология, педиатрия, реанимация ва шошилинч тиббий ёрдам йўналишлари мавжуд.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.