Ҳиндистон клиникалари Ўзбекистонда ўз филиалларини очишга қизиқиш билдирди
Ҳиндистоннинг йирик клиникалари, жумладан Apollo, ҳамкорликни кенгайтириш доирасида Ўзбекистонда ўз клиникаларини очиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Ҳиндистон клиникалари Ўзбекистонда ўз филиалларини очишга қизиқиш билдирди
Ҳиндистоннинг йирик клиникалари, жумладан, Apollo Ўзбекистонда ўз тиббиёт муассасаларини очишга қизиқиш билдирди. Бу ҳақда 30 август куни Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов журналистларга маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Ҳиндистон билан ҳамкорлик доирасида Ўзбекистонда аллақачон 10 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда. Ҳиндистон делегациясининг ташрифи давомида яна бешта истиқболли ташаббусни ишга тушириш режалаштирилган эди. Уларнинг аксарияти фармацевтика тармоғи, хусусан, Ўзбекистонда дори воситаларини ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштириш билан боғлиқ.
Янги лойиҳаларни нафақат Тошкентда, балки мамлакат ҳудудларида ҳам амалга ошириш кўзда тутилган. Хусусан, ташриф чоғида томонлар Андижон ва Сурхондарё вилоятларидаги алоҳида ташаббуслар бўйича музокаралар олиб бораётган эди.
Ҳамкорликнинг алоҳида йўналиши тиббий инфратузилмани ривожлантиришга тегишли. Элдор Адилов таъкидлаганидек, Ҳиндистоннинг йирик клиникалари, жумладан, Apollo Ўзбекистонда шу каби тиббиёт муассасаларини очиш истагини билдирган.
«Ҳиндистонда Apollo ва бошқа йирик клиникалар мавжуд. Улар ҳам Ўзбекистонда шу каби клиникаларни очиш истагини билдиришди. Биз ҳозирда ушбу йўналишда ҳам ҳамкорлик устида ишлаяпмиз», — деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари.
Тиббиёт соҳасида Ҳиндистон билан ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида вазир онкология ва кардиологияни тилга олди. Фармацевтика секторида онкологик препаратларни ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштириш билан шуғулланувчи Ankavel корхонасини ишга тушириш режалаштирилган эди.
Элдор Адилов яна бир истиқболли йўналиш сифатида протон терапиясини — онкологик касалликларни даволашнинг замонавий усулини тилга олди. Унинг сўзларига кўра, тегишли технология Ҳиндистонда аллақачон қўлланилмоқда ва Ўзбекистон режаларида ҳам кўзда тутилган, бироқ уни амалга ошириш жорий лойиҳага киритилмаган.
Давлат ташрифи доирасида, шунингдек, Аюрведа ва анъанавий тиббиётнинг бошқа турлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди.

