Ҳиндистон Ўзбекистондаги ҳарбий поликлиникага 500 минг долларлик тиббий техника ва ускуналар топширди
Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети поликлиникаси Ҳиндистон ҳукумати томонидан умумий қиймати 500 минг доллар бўлган 49 турдаги 70 дан ортиқ тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Улар орасида рақамли рентгенограф, суткалик мониторинг аппарати, УЗИ аппарати, физиотерапия каби ускуналар бор.

Ҳиндистон Ўзбекистондаги Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети поликлиникасига 500 минг долларлик тиббий техника ва ускуналар совға қилди, деб хабар беради “Дунё” ахборот агентлиги.
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети поликлиникаси тўлиқ замонавий тиббий техника ва ускуналар билан жиҳозланиб, расман ишга туширилди. Бу лойиҳа Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик алоқалар ҳамда ҳарбий-тиббиёт ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик доирасида амалга оширилди.
Хабарда айтилишича, тантанали очилиш маросимида Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети бошлиғининг биринчи ўринбосари генерал-маёр Фарҳоджон Шерматов, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Смита Пант, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва фахрийлар иштирок этган.
Учрашув давомида Ҳиндистон ҳукумати томонидан беғараз ёрдам сифатида ажратилган замонавий диагностика ва даволаш аппаратуралари, ихтисослаштирилган реанимобил ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳарбий госпиталлари учун тўрт тўплам травматологик ускуналарни расмий топшириш маросими бўлиб ўтди.
Инфратузилмани модернизация қилиш доирасида поликлиникага 49 турдаги 70 дан ортиқ замонавий тиббий ускуналар етказиб берилди. Буларга рақамли рентгенограф, суткалик мониторинг аппарати (Холтер), велоергометр, УЗИ аппарати, замонавий стоматология ва физиотерапия ускуналари киради.

