Ўзбекистонда пенсия хизматларини тўлиқ рақамли форматга ўтказиш режалаштирилмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев 28 сентябрь куни давлат пенсия таъминотини рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни тасдиқловчи қарорни имзолади. 2027 йил 1 январга қадар хизматларни тўлиқ интерактив ва проактив шаклларга ўтказиш режалаштирилган. Шу санадан бошлаб Пенсия жамғармаси қоғоз шаклидаги ҳужжатларни қабул қилишни тўхтатади.

Ўзбекистонда пенсия хизматларини тўлиқ рақамли форматга ўтказиш режалаштирилмоқда.
2026 йил 1 ноябрдан бошлаб, иш ҳажми қисқариши ёки корхона тугатилиши сабабли ишсиз қолган шахсларга ёшга доир пенсия белгиланган муддатдан икки йил олдин, ҳеч қандай мурожаатсиз, автоматик тарзда тайинланади.
2027 йил 1 январдан бошлаб боқувчисини йўқотганлик пенсияси ҳам худди шундай проактив тарзда тайинлана бошлайди.
Бунда проактив шаклда тайинланган пенсияни рад этиш имконияти мавжуд бўлади.
2026 йил 1 ноябрдан бошлаб давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали имтиёзли шартларда — зарарли ва оғир шароитларда ишлаганлар, шунингдек, умумий белгиланган ёш қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахслар учун пенсия расмийлаштириш мумкин бўлади.
2026 йил 1 декабрдан бошлаб қуйидагилар онлайн тарзда йўлга қўйилади:
· пенсиянинг бошқа турига ўтиш учун мурожаат қилиш (агар янги пенсия амалдагисидан кам бўлса, аввалги пенсия тури ўзгаришсиз қолади);
· архив ёки ташкилотлар томонидан тақдим этилган иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги қўшимча электрон маълумотлар асосида пенсия миқдорини қайта ҳисоблаб чиқиш учун мурожаат қилиш.
2027 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларни онлайн тарзда амалга ошириш мумкин бўлади:
· пенсия тўловини нақд пул шаклига ўтказиш ва тўхтатиб қўйилган тўловни тиклаш;
· суд қарорлари, ажримлари, қарор ва ҳукмлари, ижро ҳужжати ва бошқа қарорлар асосида пенсия суммасидан ушланмалар тўғрисида, шунингдек, ҳисобланган пенсия ва ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлангани ҳақида маълумот олиш;
· яшаш жойи ўзгариши муносабати билан пенсия йиғмажилдини ҳисобга қўйиш.
2027 йил 1 январдан бошлаб «Менинг пенсиям» онлайн хизмати доирасида қуйидагиларни амалга ошириш мумкин бўлади:
· пенсияни ҳисоблашда инобатга олинадиган меҳнат фаолияти даврлари, олий таълим муассасаларида кундузги таълим олганлик (диплом) ва ҳарбий хизмат тўғрисидаги маълумотларни олиш;

