Ўзбекистонда оммавий тадбирларда қоидабузарларнинг электрон ҳисобини жорий этиш таклиф қилинди
Беспилотниклардан оломонни назорат қилиш ва тиқилинчнинг олдини олиш учун фойдаланилади. Бундан ташқари, тадбирлар ўтказиладиган жойлардан 500 метр радиусда алкоголь сотишни чеклаш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда оммавий тадбирларда қоидабузарларнинг электрон ҳисобини жорий этиш таклиф қилинди
Ўзбекистонда оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларини бузган шахсларнинг электрон ҳисобини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги томонидан тайёрланган ҳукумат қарори лойиҳасида айтилади.
Ҳужжатда таъкидланишича, қонунчиликка кўра, бундай тадбирларга кириш қоидабузарлар учун жиноят ишлари бўйича суд томонидан вақтинча чекланиши мумкин. Лойиҳада 2027 йилдан бошлаб уларнинг электрон ҳисобини юритиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, ҳужжатда оммавий тадбирлар ўтказиладиган жойлардан 500 метр радиусда алкоголь сотишни чеклаш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, хавфсизликни таъминлаш учун дронлардан фойдаланиш режалаштирилмоқда. Улар ёрдамида оломонни назорат қилиш, шунингдек, одамларнинг оммавий тўпланиши ва тиқилинч билан боғлиқ хавфларни ўз вақтида аниқлаш кўзда тутилган.
Лойиҳада амалдаги тақиқ ҳам сақланиб қолмоқда: реклама мақсадида оломонни жалб қилиш учун товарларни бепул тарқатиш ёки жуда арзон нархларда сотишни ташкил этиш илгаригидек мумкин эмас.
ИИВ, шунингдек, концертлар ва спорт мусобақаларига чипталарни фақат электрон шаклда сотишни ҳамда тадбирни ўтказишга расмий рухсатнома олингунга қадар уларни сотишни тақиқлашни таклиф қилмоқда.
Қарор лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси 20 ноябргача давом этади.

