Ўзбекистонда ўрмон, манзарали ва чўл ўсимликлари генофонди мустаҳкамланади

Ўзбекистонда ўрмон, манзарали ва чўл ўсимликлари генофондини мустаҳкамлаш режалаштирилмоқда
Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ҳудудида Ўрмон ва манзарали ўсимликлар инновацион лабораторияси ҳамда ихтисослаштирилган In-Vitro лабораторияси ўз фаолиятини бошлади.
In-Vitro лабораторияси ўсимликларни микроклонал (генетик жиҳатдан бир хил) кўпайтириш, вируссиз кўчатлар етиштириш ва биотехнологик тадқиқотлар ўтказишга мўлжалланган. Стерил шароитда мутахассислар генетик жиҳатдан қимматли навларнинг биологик материалини етиштириб, ўсимлик генофондининг сақланишини таъминлайдилар. Технологик жараён соғлом материални танлаш ва стериллаш, гормонлардан фойдаланган ҳолда махсус озуқа муҳитларида новдаларни кўпайтириш, илдиз оттириш, шунингдек, кўчатларни иссиқхоналарга экишдан олдин босқичма-босқич иқлимга мослаштиришни ўз ичига олади. Жорий этилаётган усул қисқа муддатда ўрмон ва қишлоқ хўжалиги учун сифатли экиш материалининг оммавий партияларини олиш имконини беради.
Иккинчи лаборатория бир нечта тадқиқот йўналишларини, жумладан, тез ўсувчи ва қимматли дарахт турлари, шунингдек, ёнғоқсимон экинлар селекциясини бирлаштиради. Лаборатория мутахассислари тупроқнинг комплекс таҳлили, жумладан, гумус даражаси, асосий озуқа элементлари, намлик ва шўрланиш даражасини аниқлаш билан банд бўлиб, бу ерлар эрозияси ва деградациясига қарши чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун зарурдир.
Бундан ташқари, бу ерда игна баргли, кенг баргли, чўл ва доривор ўсимликлар уруғларининг унувчанлиги ва тозалиги бўйича лаборатория таҳлили ҳамда сертификатлаштириш ишлари олиб борилади.
Янги лабораториялар ўрмонларни қайта тиклаш, тупроқ сифатини яхшилаш, биотехнологияларни жорий этиш ва ёш олимларни тайёрлашга ёрдам беради.

