Ўзбекистонда импорт ва экспорт фарқи қарийб икки баравар ошди
2026-йилнинг январ–август ойларида Ўзбекистон импорти экспортдан 11,7 млрд долларга кўп бўлди. Ўтган йилнинг мос даврида бу фарқ 6 млрд долларни ташкил этган. Саккиз ойда экспорт 3,4 фоизга камайган, импорт эса 16,3 фоизга ошган.

Ўзбекистонда импорт ва экспорт ўртасидаги тафовут қарийб икки баравар кенгайди
Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 57,4 млрд долларга етди. Бу 2025-йилнинг январ–август ойларига нисбатан 4 млрд доллар ёки 7,6 фоизга кўп.
Жами экспорт 22,9 млрд долларни, импорт эса 34,5 млрд долларни ташкил этди. Шундай қилиб, ташқи савдода 11,7 млрд долларлик манфий салдо — яъни импортнинг экспортдан ортиқ қисми қайд этилди.
Экспорт таркибидаги энг катта ўзгаришлардан бири олтин савдосида кузатилди. Унинг қиймати ўтган йилги 8,3 млрд доллардан 2,8 млрд долларга тушди. Яъни олтин экспорти доллар ҳисобида 66,3 фоизга камайди.
Шу билан бирга, олтинни ҳисобга олмаганда, товарлар экспорти 28,7 фоизга ўсиб, 11,5 млрд долларга етди. Хизматлар экспорти ҳам 33,8 фоизга кўпайиб, 8,5 млрд долларни ташкил этди. Хизматларнинг жами экспортдаги улуши 37,4 фоизга етди.
Саноат товарлари экспорти 25,6 фоизга ошиб, 3,4 млрд долларга, кимёвий воситалар ва шу каби маҳсулотлар экспорти эса 32,3 фоизга ўсиб, қарийб 1,8 млрд долларга етди. Машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари экспорти 899,8 млн долларни ташкил этиб, 43 фоизга кўпайди.
Импортда энг йирик йўналиш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари бўлиб қолган. Саккиз ойда ушбу тоифада 11,3 млрд долларлик маҳсулот олиб кирилди — бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,3 фоизга кўп.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар импорти 39,3 фоизга ошиб, 3,7 млрд долларга етди. Жумладан, гўшт ва гўшт маҳсулотлари импорти 677,4 млн долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич қиймат ҳисобида 34,2 фоизга ўсган.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон 200 дан ортиқ мамлакат билан савдо алоқаларини амалга оширган. Энг йирик савдо ҳамкорлари қуйидагилар бўлган:
- Хитой - 13,2 млрд доллар, умумий савдонинг 23 фоизи;
- Россия - 9,2 млрд доллар, 16 фоиз;
- Қозоғистон - 3,7 млрд доллар, 6,5 фоиз;
- Туркия - 1,9 млрд доллар, 3,4 фоиз;
- Афғонистон - 1,4 млрд доллар, 2,5 фоиз.
Импортнинг қарийб учдан бир қисми — 32,4 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келган. Ушбу мамлакатдан 11,2 млрд долларлик товар ва хизматлар импорт қилинган, унга экспорт эса қарийб 2 млрд долларни ташкил этган.

