Иқтисодиёт

Ўзбекистон экспорти етти ойда 3,6 фоизга камайди

**Ўзбекистон экспорти етти ойда 3,6 фоизга камайди**

Ўзбекистонда олтин сотувининг қисқариши умумий экспорт тушумлари пасайишига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, импорт улуши етти ойда қарийб 18 фоизга ошди.

### Экспорт қисқарди, импорт эса сезиларли ошди

2026-йил январ-июл ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 49,5 млрд долларга етди. Статистика қўмитаси бу кўрсаткич 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 3,7 млрд долларга ёки 8,1 фоизга ошганини билдирди. Ўсиш импорт ҳажмининг кўпайиши ҳисобига юз берган.

Етти ойда экспорт тушумлари 19,9 млрд долларни ташкил этиб, 3,6 фоизга камайган. Импорт ҳажми эса 29,6 млрд доллар бўлиб, 17,8 фоизга ошган. Натижада 9,7 млрд долларлик ташқи савдо тақчиллиги юзага келган.

“Олтинни ҳисобга олмаганда, товарлар экспорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27,7 фоизга ўсиб, 9,8 млрд долларни ташкил қилди”, дея вазиятни изоҳлаган қўмита.

### Асосий савдо ҳамкорлар

Ўзбекистон етти ойда Хитой билан энг катта ҳажмда — 11,26 млрд долларлик савдо қилган. Шундан атиги 1,7 млрд доллари ёки 15 фоизи экспорт, қолган қарийб 9,56 млрд доллари (85 фоиз) импорт ҳиссасига тўғри келган.

Кейинги йирик савдо Россия билан амалга оширилган. Икки давлат ўртасида 8,12 млрд долларлик товар ва хизматлар савдоси қайд этилган. Бунинг 2,8 млрд доллари Ўзбекистон экспорти, 5,3 млрд доллари импорти ҳисобланади.

Учинчи асосий ҳамкор мамлакат қўшни Қозоғистон бўлиб қолмоқда. Етти ойда икки давлат 3,26 млрд долларлик олди-сотди қилган. Шундан 868 млн доллари Ўзбекистон экспорти, 2,4 млрд доллари эса импорт ҳиссасига тўғри келган.

Умуман олганда, мамлакатнинг асосий ҳамкорлари билан савдосида импорт улуши экспортга нисбатан анча юқорилигича қолмоқда.

### Нималар экспорт қилинди?

Ўзбекистон экспортида хизматлар улуши етакчилик қилмоқда. Авваллари олтин сотувлари экспорт тушумларининг учдан бир қисмини ташкил этган бўлса, энди бу ўринни хизматлар эгаллаган. Етти ой давомида хориждан 7,3 млрд долларлик хизматлар тушуми олинган (ўсиш 35,3 фоиз). Бу кўрсаткич умумий экспортнинг қарийб 36,8 фоизига тенг. Жумладан, тушумларнинг 3,94 млрд доллари туризмдан, 2,3 млрд доллари транспорт хизматларидан келган.

Кейинги йирик экспорт улуши саноат товарлари сотувига тегишли — 2,86 млрд доллар (ўсиш 22,4 фоиз). Шундан 1,15 млрд доллари (ўсиш 26,3 фоиз) тўқимачилик маҳсулотлари, 1,04 млрд доллари (ўсиш 7,8 фоиз) рангли металлар ҳиссасига тўғри келган.

Ўзбекистон январ-июл ойларида 2,8 млрд долларлик олтин экспортини амалга оширди. Бу кўрсаткич 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 бараварга кам. Қимматбаҳо металл сотувининг кескин қисқариши умумий экспорт натижаларига сезиларли таъсир қилган.

Шунингдек, етти ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар экспорти 1,5 млрд долларга етган (ўсиш 2,3 фоиз). Бу йўналишда сабзавотлар ва мевалар улуши энг катта бўлиб, 1,05 млрд долларни ташкил этган (пасайиш 4 фоиз).

Минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари сотувидан 931,5 млн доллар тушум олинган (ўсиш 5,4 фоиз). Шундан 515,9 млн доллари (ўсиш 51,2 фоиз) нефт ва нефт маҳсулотлари, 279,7 млн доллари (пасайиш 36,2 фоиз) табиий газ сотувига тўғри келган.

Бундан ташқари, етти ойда 1,55 млрд долларлик кимёвий воситалар экспорт қилинган (ўсиш 35 фоиз). Ушбу таркибда ноорганик кимё моддалари улуши юқори бўлиб, 944,8 млн долларни ташкил этган (ўсиш 47,2 фоиз).

### Импорт қилинган товар ва хизматлар

Ўзбекистон импортида энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари харидига тўғри келмоқда. Етти ойда мамлакатга бу турдаги маҳсулотлардан 9,7 млрд долларлик товар олиб кирилган (ўсиш 20 фоиз). Бунда автомобиллар улуши 2,4 млрд долларни (ўсиш 27,9 фоиз), электр машиналари, аппаратлари ва жиҳозлари хариди эса 1,6 млрд долларни (ўсиш 38,1 фоиз) ташкил этган.

Ҳисобот даврида хориждан 3,3 млрд долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар сотиб олинган. Бу йўналишда энг катта улуш донли экинлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар импортига тўғри келган — 864,9 млн доллар (ўсиш 60,7 фоиз). Кейинги ўринларда гўшт ҳамда гўшт маҳсулотлари хариди 574 млн долларни (ўсиш 36,7 фоиз), шакар, шакардан тайёрланган маҳсулотлар ва асал хариди эса 434 млн долларни ташкил этган (ўсиш 51,2 фоиз).

Ҳисобот даврида 2,5 млрд долларлик минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари импорт қилинган (ўсиш 10,7 фоиз). Хусусан, четдан 1,33 млрд долларлик нефт ва нефт маҳсулотлари сотиб олинган (ўсиш 15,1 фоиз). Шундан 426 млн доллари бензин импортига тўғри келган (ўсиш 60,8 фоиз). Ўз навбатида хориждан қарийб 1 млрд долларлик табиий газ импорт қилинган (ўсиш 8,2 фоиз).

Кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар импорти 3,6 млрд долларни ташкил этган (ўсиш 15,6 фоиз), шундан 1,1 млрд доллари тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келган.

Импортнинг 4,4 млрд доллари саноат товарлари ҳиссасига тўғри келган (ўсиш 10,1 фоиз). Жумладан, етти ойда четдан 1,7 млрд долларлик чўян ва пўлат, 612,9 млн долларлик рангли металлар харид қилинган.

Шунингдек, 3,6 млрд долларлик хизматлар импорт қилинган (ўсиш 13,3 фоиз). Бунда 1,57 млрд доллар туризмга, 989,6 млн доллар транспорт хизматларига тўғри келган.

Аввалроқ жорий йил августида Ўзбекистон олтин-валюта захиралари қиймати 7,8 млрд долларга ошиб, жами 72,1 млрд долларга етгани хабар қилинганди. Таҳлилларга кўра, сўнгги пайтларда мамлакат олтин экспортини қисқартириши фонида захира ҳажми сезиларли ошиб бормоқда. 2026-йил 1-сентябр ҳолатига кўра, мамлакат захирасида 14,1 миллион унсия (438,56 тонна) олтин сақланмоқда. Январ ойи бошида бу кўрсаткич 12,6 миллион унсия (391,9 тонна) эди. Саккиз ойда қимматбаҳо металл ҳажми қарийб 46,66 тоннага кўпайган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.