Ўзбекистонда энергетика тармоғини бошқариш тартиби ўзгаради
Мамлакат ёқилғи-энергетика тармоғида давлат бошқаруви, бозорни тартибга солиш, назорат ва тижорат фаолияти билан боғлиқ вазифалар ажратилади. Инвесторлар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш ва уларга индивидуал имтиёзлар бериш тақиқланади. Шунингдек, 2050 йилгача бўлган даврда барқарор энергия таъминоти концепцияси ишлаб чиқилади.

Ўзбекистонда энергетика тармоғини бошқариш тартиби ўзгаради
Бундай чора-тадбирлар Президентнинг 2026 йил 22 сентябрдаги «Ёқилғи-энергетика тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида назарда тутилган.
Вазирлик, регулятор ва инспекция функциялари чегараланади
Фармонга кўра, Энергетика вазирлиги томонидан тармоқ корхоналари ва истеъмолчиларга шартномавий, сервис ва бошқа хўжалик муносабатлари бўйича индивидуал рухсатномалар бериш амалиёти тўхтатилади.
Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги зиммасига нафақат электр энергетикаси, балки табиий ва суюлтирилган газ таъминоти соҳасида ҳам бозор тамойилларини босқичма-босқич шакллантириш ва тартибга солиш вазифалари юкланди.
2028 йилдан бошлаб агентлик электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ соҳасидаги тартибга солинадиган тарифлар ва тўловларни тасдиқлайди. Бундан ташқари, у истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хизматлар сифатини мониторинг қилиш ва мурожаатларни кўриб чиқиш тизимини жорий этади.
Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси фаолиятида қоидабузарликларнинг олдини олиш ва хавф-хатарларни эрта аниқлашга алоҳида эътибор кучайтирилади. Огоҳлантириш ва камчиликларни ихтиёрий равишда бартараф этиш учун муддат бериш амалиёти қўлланилади.
Тармоқ корхоналари ресурсларни қазиб олиш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, ташиш, сақлаш, узатиш, тақсимлаш ва сотиш билан боғлиқ тижорат вазифалари билан шуғулланади.
Инвестиция лойиҳалари танлов асосида амалга оширилади
Ҳужжат билан ёқилғи-энергетика тармоғида қуйидагилар қатъиян тақиқланади:
инвесторлар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш;
лойиҳалар доирасида индивидуал имтиёз ва преференциялар бериш;
инвестиция режасига киритилмаган лойиҳаларни бошлаш.
Лойиҳа ижрочиси қонунчиликда белгиланган тартибда танлов асосида аниқланади. Танлов ҳужжатлари очиқ эълон қилинади.
Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва молиялаштириш билан бир вақтда объектларни қуриш ёки реконструкция қилишга йўл қўйилмайди. Хусусий инвестициялар ҳисобидан барпо этилаётган объектлар бундан мустасно.

