Ўзбекистонда энергетика лойиҳаларига сармоядорлар очиқ ва рақобатли танлов асосида жалб қилинади

Ўзбекистонда энергетика лойиҳаларига сармоядорлар очиқ ва рақобатли танлов орқали жалб қилинади
Ўзбекистонда энергетика соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ҳамда инвесторларни танлаш тартиби янгиланади. Янги тизимда лойиҳалар, биринчи навбатда, иқтисодиёт, аҳоли ва ҳудудларнинг келгусидаги эҳтиёжидан келиб чиқиб ишлаб чиқилади, инвестор эса очиқ ва рақобатли танлов асосида белгиланади.
Президентнинг 22-сентябрдаги фармонига мувофиқ, энергетика лойиҳаларини шакллантириш жараёнида аввал ҳудудлар ва тармоқларнинг истиқболдаги эҳтиёжи аниқланади. Шундан сўнг зарур генерация ва инфратузилма қувватлари режалаштирилади.
Шунингдек, истиқболли инвестиция лойиҳаларининг уч йиллик режасини шакллантириш ва тасдиқлаш тизими жорий этилади. Ҳар бир лойиҳа бўйича унинг техник-иқтисодий кўрсаткичлари, амалга ошириш тамойиллари, молиялаштириш манбалари, талаб этиладиган ер участкаси ва инфратузилма ҳақидаги маълумотлар тайёрланади.
Лойиҳаларнинг танлов ҳужжатлари буюртмачи ёки давлат шериги томонидан маҳаллий ва халқаро лойиҳа институтлари жалб этилган ҳолда ишлаб чиқилади ва очиқ эълон қилинади. Инвесторларни танлаш эса қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Фармонга кўра, инвесторлар билан тўғридан тўғри музокаралар олиб бориш, лойиҳалар доирасида индивидуал имтиёз ва преференсиялар бериш ҳамда инвестиция режасига киритилмаган лойиҳаларни бошлаш қатъиян тақиқланади. Обьектларни лойиҳа-смета ҳужжатларини параллел ишлаб чиқиш билан бир вақтда қуриш ва реконструксия қилишга ҳам рухсат берилмайди (хусусий инвестициялар ҳисобидан қуриладиган обьектлар бундан мустасно).
Янги ёндашув энергетика соҳасида янги қувватларни узоқ муддатли талаб билан боғлаш, лойиҳаларни олдиндан тайёрлаш ва инвесторларни танлаш жараёнини рақобат асосида ташкил этишга қаратилган.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳузуридаги 22-сентябр кунги мажлисда 2030-йилга бориб, мамлакатдаги генерация қувватлари 46,1 гВт га етказилиб, йилига қарийб 129 млрд кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилиши маълум қилинганди.
Ҳозир энергия сақлаш тизимлари бўйича умумий қуввати 4,2 гВт бўлган 26 та лойиҳа шакллантирилган. Улардан 17 таси амалга ошириш босқичида. 2030-йилгача айни йўналишда қўшимча янги лойиҳаларни шакллантириш таклиф қилинган.

