Ўзбекистонда энергетика лойиҳалари учун инвесторлар очиқ танлов асосида танланади

Ўзбекистонда энергетика лойиҳалари учун инвесторлар очиқ танлов орқали танлаб олинади
Шавкат Мирзиёев электр энергетикасини ривожлантириш истиқболлари ҳамда ёқилғи-энергетика тармоғидаги лойиҳаларни бошқариш механизмларини такомиллаштиришга бағишланган тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.
Тақдимотда соҳадаги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва амалга ошириш тизимини тубдан янгилаш бўйича таклифларга алоҳида урғу берилди.
Амалиётда кўп ҳолларда лойиҳа инвестор ташаббуси билан бошланади. Ер майдони, тармоққа уланиш, техник шартлар, тариф ва инвестиция битимлари турли идоралар билан алоҳида келишилади. Бу эса жараёнларнинг чўзилишига, идоралар вазифаларининг такрорланишига ва айрим лойиҳаларнинг тизим эҳтиёжи билан етарлича боғланмаслигига сабаб бўлмоқда.
Шу сабабли янги бошқарув модели таклиф қилинди. Эндиликда энергетика лойиҳалари, аввало, иқтисодиёт, аҳоли ва ҳудудларнинг келгусидаги эҳтиёжидан келиб чиқиб шакллантирилади.
Дастлаб талаб аниқланади, сўнг зарур генерация ва инфратузилма қувватлари режалаштирилади. Ер майдони, тармоққа уланиш нуқтаси ва техник ечимлари олдиндан тайёр бўлган лойиҳа шакллантирилиб, инвестор очиқ ва рақобатли танлов асосида белгиланади.
Бунда ҳар бир идоранинг вазифа ва жавобгарлиги аниқ белгилаб олинади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги талаб прогнозини шакллантиради, Энергетика вазирлиги стратегик режалаштириш ва техник сиёсат учун жавоб беради, Энергетика бозори регулятори эса бозор муносабатлари ва тарифларни тартибга солади.
Инвестициялар соҳасига масъул идоралар инвесторларни очиқ танлов асосида жалб қилади, маҳаллий ҳокимликлар эса ер ва зарур инфратузилма масалаларини ҳал этади.
Шунингдек, ҳудудлар ва тармоқлар кесимида энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжнинг аниқ прогнозини шакллантириш, шу асосда ҳар йили янгиланадиган уч йиллик инвестиция режаларини қабул қилиш таклиф этилди. Бу генерация қувватлари, электр тармоқлари ва зарур инфратузилмани ўзаро уйғун ҳолда олдиндан режалаштириш имконини беради.
Узоқ муддатли истиқболда эса 2050-йилгача ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш консепсиясини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Унда миллий ресурс салоҳияти, демографик ва иқтисодий ўсиш, энергия самарадорлиги, қайта тикланувчи ва атом энергетикасини ривожлантириш, шунингдек, энергетика хавфсизлигини таъминлаш масалалари комплекс тарзда ҳисобга олинади. Консепсияни ҳар беш йилда қайта кўриб чиқиш таклиф қилинди.
Давлат раҳбари энергетикада ҳар бир янги лойиҳа иқтисодиёт ва аҳолининг узоқ муддатли эҳтиёжига хизмат қилиши, ишлаб чиқариш, тармоқ юкламаси ва истеъмол ўртасида доимий мувозанат таъминланиши кераклигини таъкидлади.
Мутасаддиларга амалга оширилаётган йирик лойиҳаларни белгиланган муддатларда ишга тушириш, кечикаётганлари бўйича инвесторлар билан аниқ чоралар кўриш, генерация қувватлари билан электр тармоқларини мутаносиб ривожлантириш, энергия сақлаш тизимларини кенгайтириш ҳамда соҳада янги режалаштириш ва бошқарув моделини жорий этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

