Ўзбекистонда «Бюрократиясиз Ўзбекистон» ташаббуси йўлга қўйилди
21 сентябрдан 20 ноябргача Ўзбекистон фуқаролари ва тадбиркорлари ортиқча маълумотномалар, тартиб-таомиллар ва бошқа бюрократик тўсиқлар ҳақида махсус электрон платформа орқали хабар беришлари мумкин бўлади. «Бюрократиясиз Ўзбекистон» ташаббуси «Бюрократияни бартараф этиш – 2030» дастури доирасида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда «Бюрократиясиз Ўзбекистон» ташаббуси йўлга қўйилди
Маълумотнома, ариза, яна бир маълумотнома. Кейин эса — навбат, идорага қайта бориш ва йўқотилган вақт. Бундай бюрократияга деярли ҳар бир киши ҳаётида лоақал бир марта бўлса ҳам дуч келган бўлса керак.
Эндиликда бундай ҳолатлар ҳақида фуқаролар ва тадбиркорларнинг ўзлари хабар беришлари таклиф этилмоқда. Ўзбекистонда «Бюрократиясиз Ўзбекистон» жамоатчилик ташаббуси иш бошлади. У «Бюрократияни бартараф этиш – 2030» дастури доирасида амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда кўплаб давлат хизматлари электрон форматга ўтказилди. Бугунги кунда уларнинг қарийб 80 фоизини онлайн тарзда олиш мумкин. Биргина 2025 йилнинг ўзида тадбиркорлик соҳасида икки мингдан ортиқ мажбурий талаблар бекор қилинди.
Шунга қарамай, қоғозбозлик ва ортиқча тартиб-таомиллар ҳануз сақланиб қолмоқда. Қайсидир жойда инсондан давлат базасида мавжуд бўлган ҳужжат талаб қилинади. Қайсидир жойда эса бир масала бўйича бир неча бор мурожаат қилишга тўғри келади. Баъзан эса жараённинг ўзи керак бўлганидан анча кўп вақт олади.
Айнан шундай ҳолатларни энди бевосита аҳолидан йиғиш режалаштирилмоқда.
21 сентябрдан 20 ноябргача фуқаролар ва тадбиркорлар ўзлари дуч келган бюрократик тўсиқлар ҳақида махсус электрон платформа орқали хабар беришлари мумкин.
Бунда шунчаки шикоят қилиш эмас, балки аниқ муаммони тасвирлаб бериш муҳим: ортиқча тартиб-таомил нимадан иборат, у қанча вақт ёки ресурс талаб қилади ва имкон қадар унинг ечимини таклиф қилиш лозим.
Шундан сўнг мурожаатлар соҳа мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилади. Агар таклиф асосли ва амалга оширилиши мумкин деб топилса, у амалдаги тартиб-таомилларни ўзгартириш, хизматни рақамлаштириш ёки ҳатто норматив ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш учун асос бўлиши мумкин.
Яъни, бу сафар одамларга тизимнинг қаерда ноқулай ишлаётгани ҳақида шунчаки гапириш эмас, балки уни соддалаштиришда бевосита иштирок этиш таклиф қилинмоқда.
Дастурнинг 2030 йилгача бўлган мақсади — ортиқча давлат функцияларини қисқартириш, бизнесга қўйиладиган талаблар сонини камайтириш ва янада кўпроқ давлат хизматларини электрон форматга ўтказишдан иборат.
Бу механизм амалиётда қанчалик самарали ишлаши эса кўп жиҳатдан фуқаролар муҳокамага қандай муаммоларни олиб чиқишларига ва уларнинг қайсилари ҳақиқатда ҳал этилишига боғлиқ бўлади.
Биз «Бюрократияни бартараф этиш – 2030» дастурига бағишланган матбуот анжуманида бўлдик ва янги ташаббус қандай ишлашини батафсилроқ ўрганишга қарор қилдик.

