Ўзбекистонда божхона расмийлаштируви вақти импортда 2 соат, экспортда 30 дақиқагача қисқартирилади

Ўзбекистонда божхона расмийлаштируви муддатлари импорт учун 2 соатгача, экспорт учун эса 30 дақиқагача қисқартирилиши кутилмоқда. Бу "Янги Ўзбекистон божхонаси — 2030" стратегиясида белгиланган асосий мақсадлардан биридир.
Стратегияга кўра, божхона жараёнларини соддалаштириш ва тезлаштириш мақсадида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан кенг фойдаланилади. Хусусан, хавфларни бошқариш тизими такомиллаштирилади, товарлар ва транспорт воситаларини божхона ҳудудига етиб келишидан олдин расмийлаштириш имконияти яратилади, шунингдек, электрон навбат ва декларацияларни автоматик тўлдириш механизмлари жорий этилади.
Божхона назоратида замонавий техника воситаларидан фойдаланиш ҳам кенгайтирилади. Стратегияда божхона ҳудудларини замонавий назорат техникалари билан жиҳозлаш, товарларнинг божхона назоратидан ўтиш жараёнини автоматлаштириш ва аниқланган товарлар қийматини 450 миллиард сўмгача етказиш кўзда тутилган. Транспорт воситаларининг божхона ҳудудига кириш ва чиқишида электрон пломбалардан фойдаланиш улушини 30 фоизга етказиш ҳам режалаштирилган.
Ҳужжатда инсон омилини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. 2030-йилга қадар инсон омилисиз божхона расмийлаштируви кўламини 60 фоизга етказиш мақсад қилинган. Бу тадбиркорлар учун божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва товарларни мамлакатга олиб кириш ҳамда экспорт қилиш жараёнларини тезлаштиришга хизмат қилади.
Стратегия доирасида 2026–2030-йилларга мўлжалланган қатор чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, улар божхона тизимини модернизация қилиш, бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ташқи савдо операцияларини соддалаштириш ва божхона хизматлари сифатини оширишга қаратилган.
Аввалроқ, Ўзбекистонда электрон тижорат ва халқаро ташишлар билан боғлиқ хизматлар соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар учун ташқи савдо операцияларини амалга ошириш тартибини такомиллаштириш таклиф қилинган эди. Тегишли Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси 15-август куни жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган.

